Обод гўшага айланган Файзобод
Андижон вилояти Асака туманидаги Файзобод маҳалласи шу кунларда янада чирой очган. Баҳор нафаси эсаётган, халқимизнинг қадим ва бетакрор байрами Наврўз арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Файзободда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Кейинги йилларда маҳаллада намунавий лойиҳа асосидаги турар жойлар, замонавий инфратузилма иншоотлари, турли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилгани аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтирди.
Айни пайтда маҳаллада 7 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудидаги умумтаълим мактаби, 1 та давлат, 6 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ врачлик пункти, дорихона, бозорча, ўндан ортиқ савдо дўкони, бир қанча ошхона, қассобхона, сартарошхона, шунингдек, тўйхона, тикувчилик цехи каби қатор маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари хизматидан аҳоли мамнун.
– Ёшим етмишдан ошди. Ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни кўрдим, – дейди Файзобод маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Сойибжон Ғаниев. – Очиғи, маҳалламизда рўй бераётган бугунги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақлим шошади. Қурилаётган муҳташам бинолар, дўконлар, кенг ва равон йўлларни кўринг. Рўзғорга зарур бирор нарса харид қилиш учун илгаригидек туман маркази ёки шаҳарга боришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Ҳамма нарсани шу ердан, маҳаламизнинг ўзидан топиш мумкин. Айниқса, тинчлик-осойишталикдан кўнглимиз тоғдай кўтарилади.
Наврўз байрамига тайёргарлик доирасида маҳалладаги кўчалар, гузарлар, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, “Файзобод” жомеъ масжиди ҳудудлари, маҳалла қабристони тозаланди, мавжуд дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди.
– Ободонлаштириш ишларида каттаю кичик бирдек фаол иштирок этди, – дейди Файзобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ибодатхон Йўлдошева. – Айниқса, Андижон – Асака магистраль йўли бўйларига арча ва гул кўчатлари ўтказилганлиги кўчаларимиз чиройига чирой қўшди. Бу ишларга саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар яқиндан ёрдам берди.
Айниқса, Наврўз арафасида эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдамлар кўрсатилди.
Исмоилжон Ҳайитов ногирон. У фалокат сабаб ёруғ дунёни кўриш бахтидан бенасиб бўлиб қолган. Уч нафар фарзанди билан қийналиб ҳаёт кечиради. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбари, маҳалладаги саховатпеша инсонлар кўмагида унга икки хонали уй қуриб берилди.
Аввалроқ эса Одинахон Валиевага ҳам янги уй қуриб берилган эди.
– Уч нафар фарзандим бор, – дейди Одинахон Валиева, – Фарзандларимнинг икки нафари ногирон бўлганлиги учун уй-жой қилишга ҳеч ортинмаганмиз. Пастаккина, шароити ҳаминқадар уйда яшар эдик. Яхши одамлар кўмагида оиламизга икки хона уй, шунингдек, 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди. Оиламимзга кўрсатилган эътибор ва кўмакдан бошимиз кўкка етди.
Маҳаллада тадбиркорлик ва ҳунармандликни ривожлантириш, иссиқхоналар ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 5 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди, кўплаб ҳунармандлар ўз хонадонларидан тадбиркорликни йўлга қўйди.
– Мутахассислигим тикувчи, чевар, бир неча йиллардан буён шу иш билан шуғулланаман, – дейди маҳалланинг Файзобод 1- кўчасида яшовчи Қимматхон Сотволдиева. – Ўтган йили имтиёзли кредит ҳисобидан тўртта янги тикув машинаси олиб, ўз хонадонимда тикувчиликни йўлга қўйдим. Ҳозирда 6 нафар шогирдим билан болалар, аёллар либосларини, пардалар, умуман, буюртма бўйича барча тикувчилик маҳсулотларини тайёрлаб беряпмиз. Даромадимиз ёмон эмас.
Жорий йилда маҳалладаги 185 та оила иссиқхона қуриш, яна кўплаб оилалар бошқа турли йўналишларда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишга ариза берган. Умуман, бу йил маҳаллада тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 1 миллиард 849 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
Файзободда, айниқса, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича ибратли ишлар олиб борилмоқда.
– Томорқамизда 1,5 сотихли иссиқхона барпо этганмиз, – дейди Зиёлилар кўчасида яшовчи Давлатхон Абдуллаева. – Иссиқхонага бодиринг экдик. Иссиқхона, умуман, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига яхшигина даромад топяпмиз.
Айнан шу кўчада яшовчи Марҳабохон Бозорбоева томонидан хонадонидаги мавжуд иссиқхонада парваришланаётган бодиринг ниҳолларига ҳавасингиз келади.
Умуман, маҳаллада ҳунарманд, тадбиркор кишилар талайгина. Улар турли йўналишларда фаолият юритиб, ҳам оиласи, ҳам эл-юртга наф келтирмоқда. Бунинг ортидан аҳолининг турмуш фаровонлиги таборо юксалиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун Файзобод маҳалласи аҳли кўтаринки кайфият, улуғвор ишларга камарбасталик, обод юрт равнақидан ифтихор туйғуси билан баҳорни, наврўзни қарши олмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА