Обод бўлаётган Хўжаобод
Бу, албатта, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.
Юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Янги-янги уй-жойлар, боғча, мактаб, стадионлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, қишлоғу шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшмоқда.
Бу, албатта, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.
Юртимизнинг энг чекка, чегара ҳудудида жойлашган Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ҳам қурилиш, бунёдкорлик, аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Бундан беш-олти йиллар аввал, айниқса, туман марказининг бунчалар обод гўшага айланишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтиролмас эди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – мустақиллик байрами арафасида туманда яна қатор янги объектлар ишга туширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Хўжаобод тобора обод гўшага айланмоқда.

Маҳалла идораси учун янги бино қуриб берилди
Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида тумандаги "Нишоббўйи" ҳамда "Карнайчи" маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Эндиликда мазкур маҳалла фаоллари кўркам, кенг ва чиройли хизмат хоналарида иш юритиш имконига эга бўлди.
– Жамият ҳаётида маҳалланинг ўрни ва роли ниҳоятда катта, –дейди "Нишоббўйи" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Тожибоев. – Давлатимиз, Президентимизнинг маҳалла тизимига кўрсатаётган эътибори туфайли маҳалламиз идораси учун янги бино барпо этилди. Бу бизга қулай иш шароити яратиш билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди. Эл-юрт иши учун янада фидойи бўлиш, сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.
Янги бинолар очилишига бағишланган тадбирларда вилоят, туман ҳокимликлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси вакиллари иштирок этиб, аҳолини янги бинолар ҳамда яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этди.

50 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди
– Тумандаги ҳар бир маҳаллада аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, – дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Моҳидилхон Нишонова. –Хусусан, фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш, янги корхоналар ташкил этиш орқали кўплаб хотин-қизлар, ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Дарҳақиқат, тумандаги аксарият маҳаллаларда, шунингдек, аҳоли хонадонларида тикувчилик, трикотаж ва бошқа ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилган бўлиб, айни кунда самарали фаолият юритмоқда. Туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан уларнинг фаолияти доимий равишда қўллаб-қувватланмоқда. Тадбиркорларга электр энергияси таъминоти, кредит ва бошқа қатор масалаларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида Карнайчи маҳалласида “Asl faxr group” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараш корхонаси ишга туширилди. Корхонанинг ишга туширилиши билан мазкур маҳаллада яшовчи 50 нафардан зиёд ишсиз хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Туманда Мустақиллик байрами муносабати билан яна бир қатор янги объектлар ишга туширилади. Бу, албатта, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимиз ривожига хизмат қилади.