Обидийдадаги қўлбола симёғочлар қачон алмашади?
Журналист суриштируви
Мамлакатимизда аҳолининг электр таъминоти билан боғлиқ муаммолари – электр бўйича қарздорлик, узоқ вақт электр токининг ўчиши борасидаги камчиликлар кейинги вақтларда кескин камайди. Аммо ҳудудларда эскирган электр линиялари, йиқилиб кетиш эҳтимоли мавжуд симёғочлар, таъмирталаб трансформаторлар билан боғлиқ муаммолар ҳамон учраб турибди.
Қашқадарё вилояти Косон тумани Қўнғиртоғ маҳалласида яшовчи юзлаб хонадонлар узоқ йиллардан буён электр таъминотининг ноқулайлигидан азият чекиб келишади.


Маҳалла аҳолисининг мурожаатига асосан ҳудуддаги муаммони ўргангани бордик.
Маълум бўлишича, маҳаллада аҳоли кўпайгач, янги уй-жойлар қурилиб, ёш оилалар кўчиб чиқа бошлаган ва бундай хонадонлар сони бугунга келиб юздан ошиб кетган. Табиийки, улар электр токини маҳалладаги трансформатордан қўлбола симёғочлар орқали тортиб борган. Аммо шу кунга келиб, симғочлар ачинарли аҳволда. Тортилган симлар баъзи жойларда қўл узатсангиз, етадиган ҳолга келиб қолган. Ҳовлидан-ҳовлига ўтиб кетган симлар бир қарашда ўргимчак уясини эслатади.
– Муаммомиз фақат электр токидан, – дейди кўчабоши Маҳманаби Зиёдуллаев. – Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Келади, аҳволни кўради, ваъда беришади, лекин натижа йўқ. Столбалар ҳам, симлар ҳам чарчаган. Шунинг ҳисобига ток қуввати паст. Бу ерда яшаётганларни янги хўжаликлар, деймиз, лекин уларнинг кўчиб келганига ҳам камида 15 йилдан ошди. Тахминан юзтага яқин столба “аварийний” ҳолатда.


Симларнинг очиқ, ҳаёт учун хавфли бўлган бир ҳолатда тортилгани ва уларнинг қўлетар даражада пастлигидан уй эгалари доим хавотирда. Кўчаларни айланиб, хонадонларни кўрарканмиз, яқин орада симёғоч ўрнатиш ва янги тармоқ тортиш борасида бирор-бир тайинли иш амалга оширилмаганига гувоҳ бўлдик.
– 2006 йилдан буён яшаймиз шу хонадонда, – дейди Музаффар Муродов. – Ток масаласи жуда оғир. Кучланиш паст. Қишин-ёзин аҳвол шу. Маиший техникаларимиз кучланиш пастлигидан бир неча марта куйиб қолди. Симларнинг паст тортилганидан уй қура олмаяпмиз. 14 йилдан бери вақтинча қурилган хоналарда яшаяпмиз. Уй қурадиган жойнинг устидан симлар одам бўйи баландликдан ўтиб кетган. Қаттиқ шамол пайтлари бир-бирига тегиб ўчиб қолади. Шунинг учун битта симга ип боғлаб деворга тортиб қўйибман. Тортилган симларнинг пастлигидан ёнимдаги қўшни ҳам участка қила олмаяпти.


Аҳоли симёғочлар ўрнатилиб, тармоқни хавфсиз ҳолатга келтиришни сўраб доимий мурожаат қилиб келишган. Аммо негадир ҳозирга қадар натижа бўлмаган.
– Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Абдужаббор Жабборов. – 2009 йилда кўчиб келганман. Айтсам ишонмайсиз, масъулларга 20 марта мурожаат қилдим. Фақат “назорат қиламиз, мурожаатингизни ҳисобга оламиз” деган жавобни оламан ҳар сафар.
Дуч келган усулда уланган симларнинг омонатлиги туфайли кечга бориб электр қувватининг пасайиб кетиши уй жиҳозларини ҳам ишдан чиқармоқда, дейди аҳоли. Биз эса вазият хусусида изоҳ олиш мақсадида туман электр таъминоти масъулларига мурожаат қилдик.
– Туманимиз ҳудуди катта, босқичма-босқич электр таъминотидаги муаммолар бартараф этиб борилмоқда, – дейди туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Улуғбек Ризаев. – Ҳақиқатдан Қўнғиртоғ маҳалласи аҳолиси анчадан буён эскирган столба ва симларни алмаштириш бўйича мурожаат қилиб келади. Ишчи гуруҳ жойига бориб муаммони ўрганиб ҳам келган. Ростдан ҳам у ерда электр тармоғини янгилаш зарурати бор. Айни пайтда янги тармоқ қурилиши лойиҳаси мутахассислар томонидан ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа дастурлари тасдиқлангандан кейин ўша маҳаллага ҳам янги тармоқ тортилиб, бетон устунлар ўрнатилади.
Хўш, бу лойиҳалар қачон тасдиқланади? Тасдиқланадими ўзи? Умуман, олганда ушбу маҳалла аҳолисининг электр билан боғлиқ муаммосига қачон барҳам берилади, деган саволларимизга масъул тайинли жавоб айта олмади.


Бундан ташқари, шу қишлоқлик Абдужаббор Жабборовнинг кетма-кет йўллаган мурожатининг охиргисига “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиали раҳбари Анвар Музапов номидан ўтган йилнинг 28 август куни келган жавобда “Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги “2022 – 2026 йилларда Қашқадарё вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан бошқа соҳалар каби электр таъминоти сифатини яхшилаш борасида амалга ошириладиган иш ҳажмлари ҳам йиллар кесимида режалаштирилиб, беш йиллик дастурга мувофиқ бажарилиши кўзда тутилган ва ишлар давом эттирилмоқда.
Мурожаатингизда кўрсатилган ҳудуддаги тасарруфда бўлган электр узатиш тармоқларини техник ҳолатидан келиб чиқиб, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари давлат дастурининг манзилли режасига киритиш орқали 2026 йил 4-чоракда маблағ ажратилган ҳолда молиялаштирилиб, керакли материаллар захираси яратилгандан сўнг босқичма-босқич амалга оширилиши тўғрисида сизга маълум қиламиз”, дея таъкидланган.
Бундан кўринадики, Қўнғиртоғ маҳалласидаги электр билан боғлик муаммолар ҳали -бери бартараф этиладиганга ўхшамайди.
Ҳовлидан ҳовлига тортиб кетилган симларнинг ҳар дақиқада узилиб кетиши мумкинлигини соҳадан хабари борлар яхши билишади. Ернинг намлиги ва узилган симнинг ерга тушишини инобатга оладиган бўлсак, унинг хавфи юқори.
Ўйлаймизки, масъуллар бирор фалокат юз бермасдан олдин мазкур муаммога тез орада эътибор қаратишади ва аҳолининг хавотирларига ўрин қолдиришмайди. Боиси, гап аввало ушбу маҳаллада яшаётган аҳолининг хавфсизлиги ҳақида бормоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири