Обидаларга "қозиқ қоқиш"ни бас қилиш керак!
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари томонидан моддий-маданий мерос объектларида, хусусан, Бухоро вилоятидаги тарихий обидаларга реклама баннерларини ўзбошимчалик билан ёпиштирилгани, ташқи реклама жойлаштириш бўйича қатор фактлар аниқланганлиги ҳақида сўз юритилган.
Яқинда республика бўйича 386 та моддий-маданий мерос объектларига ташқи реклама жойлаштириш фактларини аниқлаш бўйича текширувлар ўтказилган, натижада тарихий обидаларга ўзбошимчалик билан реклама жойлаштиришнинг 25 дан ортиқ ҳолатлари аниқланиб, бу Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддаси талабларини бузиш ҳисобланади.
Қайд этилишича, қонунбузарликларнинг аксарияти тарихий Бухоро шаҳрида аниқланган. 1858-1859 йилларда қурилган Иброҳим Охунд мадрасаси (М.Амбар кўчаси, 117) девори бўйлаб бир вақтнинг ўзида бир нечта ташқи эълонлар ўрнатилгани, XIX асрда қурилган Сайфиддин карвонсаройида гиламдўзлик мактабининг ташқи рекламаси топилганлиги, бундан ташқари, XVI асрда (1534-1534) Бухоронинг тарихий маркази Токи Саррофонда жойлашган анъанавий ёпиқ бозорда ҳам реклама иншоотлари ва эълонлар ўрнатилгани ва бу қонунбузарликлар тез орада бартараф этилгани, қонун бузилишига йўл қўйган субъеклар ва тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, ташқи реклама жойлаштириш тартиби юзасидан тегишли тушунтиришлар берилгани ҳақида мақолада айтиб ўтилган.
Афсуски, бу каби муаммолар ҳозирги пайтда долзарб тус олмоқда ва кўнгилни хира қилиб қўймоқда. Улуғ авлиёларимиз хоки қўйилган, бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этаётган тарихий обидалар, ёдгорлик ва зиёратгоҳларга реклама баннерларини илиб кетаётган шахсларга нисбатан агентлик қатъий чоралар кўриш вақти етган деб ҳисоблайди.
Ўз тарихимизга нисбатан бундай ҳурматсизлик, маданий мерос объектларига нисбатан зиён етказиш ҳолатларини қоралаймиз.
Бундай салбий ҳолатларни тўхтатиш ва бартараф этиш мақсадида юртимиз бўйлаб турли акцияларни бошладик. Жумладан, Маданий мерос агентлиги ҳамда Игор Савиский номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейи ҳамкорлигида «Маданият. Мерос. Мен» деб номланган акция ўтказилди. Унда Нукус давлат университетининг иқтисодиёт факультети туризм йўналиши биринчи босқич талабалари томонидан қадимий шаҳристонлар, қалъалар, кўҳна кентлар ҳудудини бегона ўт-ўланлар ҳамда турли чиқиндилардан тозалаш тадбирлари олиб борилди.
Асрлар оша аждодлардан-авлодларга омонат бўлиб, кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келинаётган маданий меросимизни эҳтиётлаб, асраб-авайлаш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Маданий мерос агентлиги бу каби ҳолатларни бундан кейин ҳам қатъий назоратга олиб боради.
Маданий меросимизга нисбатан бу каби ноқонуний ва ножўя ҳаракатлар аниқланганда, яқинда ташкил этилган телеграм каналига фотофактларни юборишингизни ва ўз навбатида агентлик мутасаддилари тезкор чоралар кўришимизни маълум қиламиз.
Бундан ташқари, янги йилдан агентлик ва жамият ўртасида икки томонлама жонли мулоқот учун «Қизил телефон» ташкил этилади.
Оилада, мактабда фарзанду набираларимизга ўз тарихимиз, маданий меросимиз қадрини англатиб бориш мақсадида мактабларда янги фан сифатида жорий қилинган «Тарбия» дарсликларида айнан маданий меросимизни асраб-авайлаш, ҳурмат қилиш, тарихий обида ва зиёратгоҳларга борганларида ўқувчилар одоби бўйича алоҳида мавзулар киритиш борасида ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Бебаҳо меросимиз жонкуярлари бўлган ва бу каби тоқат қилиб бўлмас ҳолатлар ҳақида тезкор огоҳлик қўнғироғини чалаётган журналистларга яна бир бор миннатдорлик изҳор этиб, доимий яқин ҳамкорликда ишлашдан манфаатдорлигимизни билдирамиз.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги
Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати