Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида РШТЁИМ Навоий филиалида тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Ҳозирда РШТЁИМ Навоий филиалида 1048 нафар ходим фаолият олиб бориб, уларнинг 125 нафари шифокор, 566 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 274 нафари кичик тиббиёт ходимларидан иборат. Филиал 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланган 17 та бўлим аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
– 2023-2024 йилларда филиал моддий техник базасини яхшилаш учун жами 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфланди, – дейди филиал директори Баҳром Жалолов. – 2024 йилнинг ўтган 8 ойида жами 31 минг 69 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, шундан 8 минг 624 нафар бемор стационар, 22 минг 445 нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Стационар даволанган беморларнинг 2557 нафарида оператив амалиёт ўтказилиб, 1095 та ҳолатда беморларда юқори технологик амалиётлар бажарилган.
РШТЁИМ Навоий филиали базасида клиник ординатура бўйича ўқишлар йўлга қўйилган. Бугунги кунда 29 нафар клиник ординатор тиббиётнинг амалий ва назарий қисмларини ўрганмоқда. Шунингдек, Навоий давлат педагогика институти тиббиёт факультетининг 240 нафар талабаси филиал базасида ташкил этилган клиник кафедрада таҳсил олмоқда.
Филиалнинг малакали шифокорлари томонидан мунтазам равишда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳамкорликда 100 дан ортиқ амалиётлар бажарилган.
Шунингдек, РШТЁИМ ва унинг филиалларида даволаниб чиққан беморларни манзилли йўналтириш ҳамда беморни келгусида назоратсиз қолишининг олдини олиш, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларини бемор ҳақида хабардор қилиш мақсадида касаллик тарихидаги чиқарув эпикризларини интеграциялаш ишлари йўлга қўйилди.
Жорий йилда РШТЁИМ эски биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, янги Ангиография бўлими очилди.
– Ангиография – қон ва лимфа томирлари касалликларини, шунингдек, баъзи аъзолар – мия, юрак, ўпкадаги касалликларни қон томирларидаги ўзгаришларга қараб аниқлашда қўлланилади, – дейди бўлим бошлиғи Санжар Қурбонов. – Замонавий ангиография қон томирига радио-шаффоф контраст моддани киритиш ва рентгенографияга асосланган флюороскопия каби усуллардан фойдаланган ҳолда тасвирлаш орқали амалга оширилади. Мазкур бўлим ангиография қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, Швейцариянинг “Daytech” компанияси билан ўзаро келишув асосида 530 минг АҚШ долларига сотиб олинган. У юрак-қон томир касалликларини аниқлаш ва бу соҳадаги турли касалликларни эрта аниқлаш ҳамда олдини олишга хизмат қилади. Ундан нейрохирургия, неврология, кардиология, қон-томир жарроҳлигида, урология ва терапияда фойдаланиш мумкин.
Пресс тур давомида келгусида амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Таъкидланганидек, кўп харажат талаб қиладиган амалиётлар, буйрак трансплантацияси, юрак тож томирларини стентлаш, травматология, нейрохирургия йўналишларида мураккаб жарроҳлик аралашуви талаб этадиган амалиётларни бажаришда юртимиз ва хорижнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу мураккаб амалиётларни мустақил бажарадиган маҳаллий кадрларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, келгусида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари “EMERGENCY DEPARTMENT” бўлимлари ҳамда политравма марказлари билан ҳамкорликни янги
босқичга олиб чиқиш, шошилинч хизмат турларидан ташқари хизматларни пуллик асосда ташкил этиш, филиал таркибида болаларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизматини йўлга қўйиш ҳам келгуси режалардан ўрин олган.
Барча турдаги амалиётларни жорий этилиши эса вилоят аҳолисини пойтахт ёки хориж клиникаларида даволаниш учун кетадиган маблағ ва вақтини тежашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари