ОАВ вакиллари ўртасида “Мустақиллик кубоги” старт олди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида мини-футбол бўйича “Мустақиллик кубоги” мусобақасига старт берилди.
Мазкур турнир Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бўлиб, унинг очилиш маросимида ташкилотчилар раҳбарияти, шунингдек, мусобақада иштирок этаётган жамоалар вакиллари қатнашди.
Қуръа натижаларига кўра, жами 22 та жамоа 4 та гуруҳга бўлинди. Гуруҳ босқичи учрашувлари 6 май кунидан бошланиб, 7 майга қадар давом этади. 8 май куни эса финал баҳслари ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-29235]
Айни пайтда гуруҳларда дастлабки тур учрашувлари қизғин ва муросасиз курашлар остида давом этмоқда.
Ушбу мусобақа журналистлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ижодий жамоалар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, спорт орқали бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жавоҳир Тошхўжаев, Сарвар Ўрмонов ЎзА