ОАВ ва матбуот – жамият кўзгуси
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни ёритиш: талаб ва тавсиялар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Сайёра Файзиева, 22 та туман-шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги маҳаллий газеталар бош муҳаррирлари қатнашди.
Дастлаб тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида бўлимнинг янги таҳрирдаги низоми тасдиқланди ва Тошкент вилояти Адлия бошқармасида рўйхатдан ўтказилди, гувоҳнома олинди. Уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг бир гуруҳ муҳаррир ҳамда журналистларининг Самарқанд вилоятига ижодий сафари ташкил этилди. Ҳудудда яшаб ижод қилаётган фахрий журналист ва муҳаррирлар ҳолидан хабар олинди. Шу билан бирга, вилоят ижодкорлари ўртасида давра суҳбатлари ташкил этилди.
[gallery-10424]
“Адабиёт зиёси” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳматилла Шералиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли публицист Шарифа Салимова туғилганининг 70 йиллиги, журналист Ражаббой Багировнинг 80 йиллик юбилейлари ҳамкорликда ташкил этилди. Тошкент вилоятида яшаётган 40 нафар фахрий журналистлар Журналистлар уюшмаси муассислигидаги “Ҳуррият” ва Тошкент вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Тошкент ҳақиқати” газеталарига ижтимоий равишда обуна қилинди. Йил мобайнида вилоятдаги таҳририят ва ижодий жамоаларда Президентнинг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори тарғиботи ҳамда шарҳига бағишланган давра суҳбатлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов ҳудуддаги маҳаллий нашрларда ишлаётган журналистлар фаолиятини юқори баҳолади. Уларнинг малакасини ошириш учун келгусида чет элга юбориш, жаҳон тажрибасини ўрганиш ва амалиётга тарғиб қилиш борасида ўз фикрларини билдирди.
Шундан сўнг жорий йилда ҳудуд газеталарида обунани ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритилди, таклиф ва мулоҳазалар эшитилди. Бунда “Юқори Чирчиқ ҳаёти” ва “Оҳангарон ҳаёти – Жизнь Ахангарана” газеталари тажрибалари таҳлил қилинди. Маълумотларга кўра, 2023 йил 4 январь ҳолатига кўра Тошкент вилоятида 25 номда вилоят, туман-шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги босма оммавий ахборот воситалари рўйхатдан ўтган. Ҳозирда “Юқори Чирчиқ ҳаёти” газетаси 7750 нусхада, “Паркент тонги” газетаси 3500 нусхада, “Истиқбол” газетаси 3400 нусхада, “Оҳангарон ҳаёти – Жизнь Ахангарана” газетаси 2871 нусхада, “Оққўрғон овози” газетаси 2323 нусхада, “Олмалиқ ҳаёти” ва “Чирчиқ тонги” газеталари 2000 нусхада чоп этиляпти.
Давра суҳбатида журналист одоб ахлоқи ҳақида гап борди. Ахборот тарқатишда тезкорлик, холислик журналистлардан катта масъулият талаб этади. Шу маънода оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни ёритишдаги талаблар ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани таъкидланди. Йил давомида фаол журналистларни рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
А.Мусаев,ЎзА.