ОАВ, матбуот ўз ўқувчилари ишончини оқлаяптими?
БУГУНГИ ГАЗEТАЛАРНИ ВАРАҚЛАГАНДА…
Кундалик газеталарни варақлаб туриб, бир ўй кўнгилдан ўтаверади: матбуот, ОАВ ўз ўқувчилари ишончини оқлаяптими?.. Газеталарда жамият муаммолари, одамлар дарди ёритиляптими?..
«Янги Ўзбекистон» да эълон қилинган бир қатор мақолаларда юртимизнинг бугунги қиёфаси акс этиб туради. «Ҳамиша навқирон Самарқанд», «Ассалом, ҳазратим, Навоий бобом!» саҳифалари ўтмиш ва бугунимизни боғлаб тургувчи ришталар ҳақида.
«Мис саноати: келажакнинг «янги олтин»и» мақоласи билан танишиб, ишлаб чиқаришда инновацион ёндашув қанчалар муҳим эканлигини ҳис этасиз. Шахс ва жамият рукнида берилган «Инсон капитали» ҳамда «Эл корига ярайдиган кадр» мақолалари мазмун-моҳияти билан бир-бирини тўлдириб туради. Уларда жамият тараққиёти учун инсон омили, яхши мутахассис сув ва ҳаводек зарурлигига урғу берилган. Нодир Ғаффоровнинг «Муршиди сулук» мақоласи мароқ билан ўқилади.
«Халқ сўзи» юртимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни ёритишга алоҳида эътибор қаратган. Ҳазрат Алишер Навоийга бағишланган «Маънавиятимизнинг сўнмас қуёши» саҳифасида улуғ шоирга кўрсатилган юксак эҳтиромни кўрамиз.
«Бўзатов – Қорақалпоғистоннинг Швейцариясига айлана оляптими?» мақоласи ўқувчига қизиқиш уйғотиши турган гап. «Истироҳат боғлари, хусусан, аттракционлар янги мавсумга қанчалик тайёр?», «Давлат хизматига юқори малакали мутахассислар зарур» мақолаларида ҳам бугунги кун талаблари, уларнинг ижроси нечоғли муҳимлигини кўрасиз.
“Ishonch” ўз ўқувчиларига қизиқарли мақолалар билан юзланади. Ижтимоий тармоқ, телеграм каналларда кун мавзусига айланган устозларни узр сўрашга мажбур қилган ҳолат юзасидан «Қаддингизни кўтаринг, устоз!» номли мақола эълон қилинган.
«Ishonch» нинг бу даъвати жамоанинг ва айни пайтда касаба уюшмаларининг овозидек бўлиб янграйди. Газета саҳифаларидан ўрин олган «Тиббий кўрикка ким масъул?», «Қаршингизда «АЛЬФА» авлод. Улар билан қандай муроса қилмоқ керак?» мақолалари ечимини топиши лозим бўлган муаммолар хусусида. Атоқли олим – «сўнгги жадид» Бегали Қосимов ҳаёт йўлига бағишланган «Фанда қўриқ очган олим» саҳифасини мароқ билан ўқийсиз.
“Hurriyat” да эълон қилинган таниқли навоийшунос Султонмурод Олимнинг «Буюк сўз мартабаси» мақоласи Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз таваллуди кунига ажойиб туҳфа бўлган.
Таниқли шоир Ғайрат Мажиднинг «Ғурур» рукнида берилган «Ҳазрат зиёрати» ҳамда «Бобур» номли шеърлари икки улуғ бобокалонимизга бўлган чексиз муҳаббат рамзи сифатида дунёга келганини ҳис этиб турасиз.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг «Фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги – жамият тараққиётининг муҳим мезони» номли мақоласи эътибор билан ўқилади. «Гулбадан Муродовага ким кўмак беради?» саҳифаси Денов тумани ҳокими эътиборига «огоҳлик қўнғироғи» бўлиб йўналтирилгани билан эътиборни тортади.
«Ўз-ўзимизга гапираётганга ўхшаймиз», «Газета-журналлар мутолааси бизга нима беради?» номли мақолалар ўқувчини мулоҳаза юритишга чорлайди. Янгибой Қўчқоровнинг «Буюк Бобур» номли тарихий романидан берилган парча, Навоий ижодига бағишланган «Мактубларда мамлакат тақдири» саҳифаларида миллатимизнинг икки беназир фарзанди тимсолини кўрасиз...
“Qishloq hayoti” газетасини варақлаб, юртимиз қишлоқлари, ундаги ҳаёт манзараларини кўрасиз. «Имтиёзлар тадбиркорлик ривожига хизмат қилмоқда», «Самарқандда Амир Темур боғлари қайта тикланмоқда» каби мақолалар газетхон эътиборини ўзига тортади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Жон Райтнинг «Янги Ўзбекистоннинг фаровон келажагига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман» мақоласи ўқувчига катта қизиқиш уйғотади.
Бугунги газеталарни ўқинг, янги кун ҳавосидан нафас олинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА