
Хитой – Марказий Осиё саммити арафасида “CGTN” радиоси томонидан “Медиа суҳбат” ташкил қилинди. Минтақа журналистларини бирлаштирган суҳбатда “Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларидаги оммавий ахборот воситалари ўзаро англаш ва ишонч кўпригига айланиши учун нима қилиш керак? “Умумий овоз халқаро майдонда самарали эшитилишига қандай эришиш мумкин? каби саволлар ўртага ташланди.
Ўзгарувчан геосиёсий динамика ва ўсиб бораётган минтақавий интеграция шароитида ОАВ янгиликларни шакллантириши ва чегаралар бўйлаб ишончни мустаҳкамлаши муҳим аҳамият касб этмоқда. Хитойлик журналист Сю Явен муаллифлигидаги махсус дастурда “The Astana Times” нашри бош муҳаррири Жанна Шаяхметова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош муҳаррири ўринбосари Ўткир Алимов, “The Times of Central Asia” веб-сайти мухбири Анри Кувин ва “CGTN” телеканали мухбири Ху Хинчен иштирок этди.
Онлайн мулоқот шаклида ўтган суҳбатда журналистика соҳасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш, ёлғон (фейк) маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, ҳамкорлик учун мавзу ва лойиҳалар танлаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ж.Шаяхметова ХХРни минтақамизнинг стратегик ҳамкори сифатида эътироф этаркан, маҳаллий медиа минбарларининг жамоатчилик фикрини ўзгартиришда ўзига хос ўрни борлигини қайд этди. У сўнгги йилларда Хитойга нисбатан жамоатчилик фикри бетараф ва анчайин ижобий эканини билдирди. Бу ҳолат ўзгарувчан воқеликнинг нозик тасвирини тақдим этишда ОАВ таъсирини акс эттиради.
Бу фикрга Ў.Алимов ҳам қўшилиб, яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Хитой – Марказий Осиё медиа-тури доирасида бир гуруҳ чинлик журналистларнинг минтақа мамлакатлари бўйлаб саёҳати жуда қизиқарли, сермазмун ўтганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, бундай ташаббуслар журналистларни яқинлаштирибгина қолмай, минтақа ҳақида Хитой жамоатчилигида ижобий, энг муҳими ҳаққоний таассурот ҳосил қилдиради. Масалан, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси бўйича ишлаб чиқариш, савдо ва иш ўринлари яратишдан бевосита фойда кўрган жамоалар орасида ижобий фикр шаклланган. Бу жараён нафақат бозорлар, балки маданиятлар ҳам ўзаро уйғунлашувига ёрдам беради.
Ху Хинчен ҳам шу медиа-турдаги кузатуви билан ўртоқлашаркан, Хитой аудиторияси учун жуда қизиқ самимий учрашувлар, воқеа-ҳодисалар тўғрисида ҳаяжон билан сўзлади.
– Марказий Осиёга биринчи ташрифим давомида кўплаб ўзбек ёшлари Хитойда ва худди шундай хитойликлар Ўзбекистонда таҳсил олаётгани мени қувонтирди, – деди у. – Қолаверса, икки давлат ўртасида 30 кунлик визасиз саёҳат қилиш имкони яратилгани ҳам айни муддао. Бухородаги шамол электр станцияси ва Жиззахдаги “BYD” электромобиль заводи фаолияти эса “яшил энергетика” соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиради.
Тадбир якунига кўра, барча иштирокчилар умумий фикр билдирди: ҳамкорликка асосланган медиа экотизим минтақавий ўзгаришлар ҳақида нафақат хабар беради, балки бу жараёнга фаол ҳисса қўшади.
– Келинг, халқларимизни боғлайдиган, репортажларимизда қамраб олинадиган, мувозанатли глобал медиа ландшафтини шакллантиришга хизмат қиладиган воқеаларни ҳикоя қилишда давом этайлик, – деди бошловчи Сю Явен мулоқот якунида.
ЎзА