ОАВ да давлат тилидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
Тил — миллатнинг ўзлиги, тарихи ва маънавий қиёфасини намоён этувчи муҳим қадрият. Унинг жамиятдаги мавқеи ва қўлланиш маданияти, аввало, унга бўлган муносабатда намоён бўлади. Шу маънода оммавий ахборот воситаларида давлат тилининг адабий меъёрларга мувофиқ қўлланиши алоҳида аҳамият касб этади.
21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида «ОАВ ва давлат тили: масъулият ва маданият» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Гулистон давлат университетида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова, Марказнинг ҳудудий бўлими раҳбари Ҳамид Ёдгоров, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, университетнинг “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси профессори Ихтиёр Эрматов, «Янги Сирдарё» ва «Новоя Сырдарья» газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов, профессор-ўқитувчилар, Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари аъзолари, журналистлар, малака ошириш курслари тингловчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Мулоқотда давлат тилининг оммавий ахборот воситаларида қўлланиши, журналистнинг тил маданияти ва масъулияти, адабий тил меъёрларига риоя қилиш, янги сўз ва атамалардан ўринли фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида учраётган имло, услуб ва грамматик хатолар, газеталарда матнларни таҳрир қилиш сифати юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-31836]
Сўзга чиққан профессор Ихтиёр Эрматов тил масаласига, аввало, халқ ва тил истеъмолчилари манфаатидан келиб чиқиб ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Зеро, тил муайян гуруҳ ёки шахсга эмас, балки бутун миллатга хизмат қилади. Шу боис у миллатнинг тарихи, маданияти, тафаккури ва замонавий ҳаётини тўлиқ ифодалаши керак.
Профессор алифбога киритилган сўнгги ўзгаришларга тўхталиб, буни алифбони тубдан янгилаш эмас, балки амалдаги ёзув тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳот сифатида баҳолаш зарурлигини қайд этди. Хусусан, O‘, G‘, Sh ва Ch белгиларини Ö, Ğ, Ş ва Ç шаклида ифодалаш орқали икки компонентли белгиларни битта график белгига келтириш кўзда тутилган. Бу эса ёзиш, компьютерда қайта ишлаш, қидириш ва таржима жараёнларида муайян қулайликлар яратиши мумкин.
Мутахассис фикрича, ўзбек ёзувида «бир товуш — бир ҳарф» тамойилига яқинлашиш муҳим. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган бугунги шароитда ҳар бир товушнинг аниқ ва ягона белги орқали ифодаланиши компьютер тизимларида матнни қидириш, таниш ва қайта ишлаш имкониятларини кенгайтиради.
— Бугун сунъий интеллектдан кенг фойдаланяпмиз. Компьютер матнни белгилар орқали қидиради ва қайта ишлайди. Шу нуқтаи назардан, алифбодаги техник жиҳатларни такомиллаштириш ўзбек тилининг рақамли муҳитдаги имкониятларини кенгайтиради, — деди профессор.
Давра суҳбатида кўча номлари, пешлавҳалар ва жамоат жойларидаги ёзувларни давлат тили талаблари асосида расмийлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бундай ёзувларда имло ва услуб меъёрларига қатъий риоя қилиш, аҳолига намуна бўладиган тил муҳитини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир давомида журналистлар ва тил мутахассислари ўртасида фикр алмашилиб, оммавий ахборот воситаларида давлат тилидан тўғри ва самарали фойдаланиш, матнларни сифатли таҳрир қилиш ҳамда тил маданиятини юксалтириш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб берди.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими в.б. раиси Дилором Исмадиёрова Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлимига Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг икки томлик антологиясини совға қилди.
Умуман, «ОАВ ва давлат тили: масъулият ва маданият» мавзусидаги давра суҳбати мазмун ва ғоя жиҳатидан долзарб бўлиб, журналистлар, тил мутахассислари ва ёшлар ўртасида давлат тилидан тўғри ва самарали фойдаланиш, уни асраш, бойитиш ҳамда замонавий ахборот муҳитида ривожлантириш масалалари юзасидан фойдали мулоқот майдони бўлди.
Тадбирда тилга муносабат фақат адабий меъёрларга риоя қилиш билан чекланмаслиги, балки ҳар бир соҳа вакилларидан, айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимларидан тил олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этишни талаб қилиши таъкидланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА