Оққўрғон анжирининг сири нимада?
Унинг ўзгача мазаси, антиқа кўриниши барчага манзур бўлади.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида етиштирилаётган жаннат меваси дея таърифланадиган анжирнинг довруғи юртимизда жуда машҳур.
Унинг ўзгача мазаси, антиқа кўриниши барчага манзур бўлади. Оч сариқ ёки сиёҳранг тусли бу мевалар витамин ва қувватбахш моддалари билан инсонга саломатлик, гўзаллик ва ёшлик бахш этади.
Мутахассисларнинг айтишича, бу тансиқ мевани узилган кунида истеъмол қилишнинг фойдаси кўпроқ. Анжир қоқи ўзининг бетакрор таъми ва шифобахшлиги билан барча учун севимли қуруқ мева бўлиб, таркибида ҳатто энг заифлашган организмни ҳам қувватлантира оладиган микромаъданлар бор. Улуғ бобомиз Абу Али ибн Сино «анжирнинг ўзига хос табиати бор. Шиннисининг таъсири асал таъсирига ўхшайди» дея унинг шифобахшлиги ҳақида сўз юритган.
Бувайда туманидаги «Оққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли азалдан ана шундай сархил мева етиштириш билан шуғулланади. Айтишларича, оққўрғонликлар хонадонига меҳмон бўлиб келганларни аввало анжирзорлар бўйлаб саёҳатга чорлаш анъанага айланган. Анжирзор боғларни оралаган киши олтиндек товланиб, ғарқ пишган анжирнинг таъми ва хушбуй ифоридан баҳраманд бўлади, чарчоқларини унутади, кўнглини кўтаринкилик, улуғворлик чулғайди.
Бурҳонжон Солиев анжирчи боғбонларнинг бешинчи авлоди. Айни кунда 20 сотих майдонда Оққўрғонга хос бўлган сариқ анжир етиштириш, янги анжирли боғлар яратишда кўпга ибрат бўлиб келмоқда.
– Анжир нафақат саломатлик, балки мўмай даромад маҳсули, –дейди уста боғбон ғарқ пишган анжирларга боқиб. – Уни барги ҳам харидоргир. Ўтган йили Қозоғистонга анжир баргларини эскпорт қилдик. Тўғри, бу осонлик билан амалга оширилмайди. Лекин излаган имкон топади, меҳнатига яраша даромад олиши тайин. Ҳар йили томорқадаги анжирзордан 30-40 миллион сўмга етказиб даромад оламиз. Уй-жой, тўкин ҳаёт ана шу меҳнатларимиз маҳсули. Бу йил анжирларни дудлаш усулида қуритиш устида иш олиб боряпмиз. Бу усул меваларни ўз хусусиятини йўқотмаган ҳолда узоқ вақт сақлаш, экспортга йўналтириш имкониятини беради.
Маълумот ўрнида айтганда, кейинги йилларда аҳоли томорқа майдонлари ва анжирли боғлар йилдан йилга камайиб бормоқда. Нега, нима учун?
– Кейинги йилларда анжирзорлар икки ҳиссага камайди, – дейди «Оққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азимжон Каримов. –Асосий масала аҳоли томорқаси ва мевали боғларда етиштирилган маҳсулотларни сотиш, қайта ишлаш билан боғлиқ. Чунки айни пишиқчилик мавсумида меваларни сотишда ўзига хос муаммолар юзага келмоқда. Ҳудудда маҳсулотларни қабул қилиш, қайта ишлаш билан боғлиқ ишлаб чиқариш тармоғи ташкил этилмаган. Маҳсулотни бозорга олиб чиқиб сотишга эса ҳар кимнинг ҳам имконияти йўқ. Бу маҳсулот сифати, тан нархи ва меҳнатга яраша манфаатдорлик камайиб кетишига асос бўлмоқда. Аслида анжир хар жиҳатдан фойдали, бир йилда икки марта ҳосил беради. Маҳалламизда бу ишларни ривожлантириш истагида бўлган миришкорлар кўп. Аммо маҳсулот етиштириш, сотиш, қайта ишлаш ҳамон оғриқли масала бўлиб турибди.
Дарҳақиқат, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида маҳалла ҳудудида 50 гектар ерда анжизор боғлар ва шунга монанд қайта ишлаш тармоқлари ташкил этилган. Бу аҳоли томорқаси ва анжирзор боғларида етиштирилган меваларни харид қилиш, қайта ишлашда қўл келган. Бугун бу қайта ишлаш тармоғи қаровсиз. Ишлаб чиқариш майдонлари, техника ва жиҳозлар талон-тарож қилинган. Ҳолбуки бу ерда қайта ишлаш тармоқлари ташкил этиш билан боғлиқ сув, табиий газ, электр тармоғи, йўл каби зарурий инфратузилма тармоқлари яхши йўлга қўйилган. Фақат ташаббускор тадбиркорларни топиш, қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади.
– Айни кунда уй шароитида анжирдан мурабболар тайёрлашни йўлга қўйганмиз, – дейди тадбиркор Махситали Жўраев. – Шу мақсадда Қувасойдаги «Кварц» акциядорлик жамиятида қадоқлаш идишларига буюртмалар бердик. Ўтган йили 1000 дона анжир мурабболари тайёрлаб савдо дўконларига етказиб бердик. Улар маҳсулотларимизни харид қилишга тайёр. Фақат оз миқдордаги маҳсулотлар билан истеъмолчилар талабини қондириб бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Шу боис йирик ҳажмда замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари қуриш устида иш олиб боряпмиз. Ташаббусимиз туман мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватламоқда. Айни кунда тармоқ қурилиши учун ер майдони ва сармоя ажратиш масаласи ҳал этилмоқда.
Янги тармоқ Оққўрғон ва атроф маҳаллалардаги аҳоли томорқаси ва анжирзор боғларида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш, юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Анжир беор ўсимлик бўлиб, тез кўпаяди. Боғбонлар эътирофига кўра, шоҳидан қилинган кўчат икки йилда ҳосилга киради. Аммо ҳудудда маҳаллий иқлим шароитларига мос бўлган янги кўчат навларини яратиш, турларини кўпайтириш зарур.
– Бир туп анжир 300 килограммгача ҳосил беради, – дейди боғбон Валижон Абдуҳалилов. – Аммо бу билан кифояланиб қолмаслигимиз керак. Чунки мева кўчатлари етиштириш йўлида олиб борилаётган эски усул ва амаллар янги лойиҳаларни ривожлантириш, экинлар ҳосилдорлиги ҳамда сифатини ошириш имкониятини бермайди. Шу боис маҳалламизда бу йўналишда иш олиб борувчи илмий, ўқув тажриба марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, улар учун тажриба экин майдонлари ажратиб бериш мақсадга мувофиқ бўларди.
Шифобахш ва даромад манбаи бўлган анжир етиштириш, сотиш борасида кўҳна қишлоқда юзага келган муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. У йиллар давомида ўз ечимини кутиб турибди. Шунинг учун ҳам Бувайда туман ҳокимлиги мазкур муаммога эътибор қаратиши, Оққўрғон анжирининг шуҳратини қайта тиклаши керак.


