Нуронийлар жасорати – ёшларга ибрат
Наманганда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 79 йиллиги байрамига бағишланган тантанали маросим вилоят марказидаги “Мотамсаро Она” ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошланди. Мудофаа, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари тизимидаги зобитлар майдон бўйлаб ҳарбий марш садолари остида саф тортди.
Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда бошқармалари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари майдондаги “Хотира китоби”ни варақлаб, ўтганлар хотирасини ёд этди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидан фронтга отланган 79 минг ҳамюртимиздан 24 минг нафари жанггоҳларда мардларча ҳалок бўлган. 2 минг 26 нафар матонатли ватандошимиз турли даражадаги орденлар билан қайтган. Соли Адашев, Набижон Мингбоев, Михаил Фаязов, Абдусаттор Раҳимов каби ўнлаб наманганлик ўғлонлар собиқ Иттифоқ Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
[gallery-17352]
– Хонадонимизда бу сана унутилмас шодиёна сифатида ёдга олинади. Раҳматли бобо Тошпўлат Собиров Иккинчи жаҳон урушида катта матонат кўрсатиб, қатор орден ва медалларга сазовор бўлган. Айниқса, бизга 1941-1943 йилларда Сталинград шаҳрида бошдан кечирган машаққатли жанглари ҳақида кўп хотирлаб берарди, – дейди Наманган шаҳридаги Шаршара маҳалласида истиқомат қилувчи Улуғбек Собиров. – Бобо урушдан кейин ҳам жамият ва халқ учун фойдали ишлар билан машғул бўлган. Уч ўғил ва уч қизни тарбияли, комил инсонлар сифатида вояга етказди. Уйчи туманидаги “Ғайрат” жамоа хўжалигида оддий ишчиликдан бригадр вазифасига бўлган йўлни шараф билан адо этди. Биз ёшлар шундай улуғ аждодларнинг вориси эканимиздан бағоят бахтиёрмиз.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳалла ва гузарларида давом этмоқда. Бундай тадбирлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган аждодларимизнинг жасорати, ёрқин хотираси унутилмас эканини яна бир бор ёдга солади. Бу ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат, мардлик туйғуларини юксалтириши билан янада аҳамиятлидир.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.