Нуронийлар жасорати – ёшларга ибрат
Ҳар йили мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб, Ватанимиз тинчлиги йўлида жонини қурбон қилган мард кишилар ёдга олиниб, ҳаёт бўлган табаррук нуронийларга эҳтиром кўрсатилади.
Бугунги тинч ва фаровон кунлар учун жонини фидо қилган Иккинчи жахон уруши қатнашчиларига қанча ҳурмат ва эътибор кўрсатсак арзийди. Наманган муҳандислик-технология институти ректори, профессор, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов Янгиқўрғон туманининг Поромон қишлоғида истиқомат қилаётган 101 ёшли уруш фахрийси Муҳаммадиброҳим ота Иномов ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглига шодумонлик улашди. Самимий руҳда кечган мулоқот давомида кекса мўйсафидга мустаҳкам саломатлик тилаб, табрик сўзлари билдирилди. Профессор-ўқитувчилар жамоаси отахоннинг уй-музейида бўлиб экспонатлар билан яқиндан танишди.

Муҳаммадиброҳим Иномов айни кучга тўлган навқирон ёшга етганда тенгдошлари қатори юрт сарҳадларини душман чангалидан ҳимоя қилиш учун урушга отланди. Фашистларга қарши мардонавор жангларда қатнашиб, чинакам матонат намунасини кўрсатди.

Мулоқотда кекса нуроний уруш хотираларини эслади. Бугунги тинч кунларга шукроналар айтди. Юртимиз тинчлигини сўраб дуо қилди. Дарҳақиқат, жангу жадалларни кўрган фахрийларимиз дилига, танасига уруш солган мудҳиш асорат ҳалу ҳануз эсдан чиқмайди. Улар ўша суронли йиллар хотираларини сўзлар экан, уруш деган офатнинг қайта такрорланмаслигини тилайди.

- Бугунги тўкин, тинч, фаровон турмушни кўриб, кўнглим яйрайди. Шундай ҳур, осуда ҳаётимизга чексиз шукурлар айтишимиз керак, – дейди Иккинчи жахон уруши қатнашчиси Муҳаммадиброҳим Иномов. – Биз кўрган оғир ва машаққатли уруш оловини фарзанду набираларимиз, келажак авлодларимиз кўрмасин. Улар тинчликни қадрига етиб, илм ва ҳунар олиш пайида бўлишсин.

Ҳа, ҳаётни севишни, унинг қадрига етишни табаррук кишилардан ўргансак, арзийди. Уруш кўрган, душман кўзига тик боқиб, улардан она юртини муносиб ҳимоя қилган нуронийларнинг улкан жасорати ёшлар учун чинакам ибрат мактабидир.

Дарвоқе, Тўрақўрғон туманининг Катта қурама маҳалласининг пиру бадавлат кишиларидан саналган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 100 ёшни қаршилаган Икром ота Умирзоқов ҳонадонида бўлиб ўтган йўқлов ҳам унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА