Нуронийлар учун темир йўл чипталарига 20 фоиз чегирма эълон қилинди
Ўзбекистонда кекса авлодга эҳтиром яна бир амалий қадамда намоён бўлмоқда. Нуронийлар учун мамлакат бўйлаб саёҳатларни рағбатлантириш мақсадида темир йўлларда махсус имтиёзлар тақдим этилмоқда. Бу имкониятдан кимлар ва қайси шартлар асосида фойдаланиши мумкин?
Кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиромда бўлиш миллатимизнинг юксак фазилатларидан бири. Зеро, юртимизда ҳам уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилади.
“Кексалар ҳафталиги” ҳамда “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида нуронийларнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида темир йўл чипталарининг тариф қисмидан 20 фоиз чегирма тақдим этилади.
Мазкур имтиёздан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган 55 ёшдан юқори аёллар ва 60 ёшдан юқори эркаклар — нуроний нафақахўрлар фойдаланишлари мумкин.
Чегирма ҳар йили қуйидаги даврларда амал қилади:
2–8 октябрь — “Кексалар ҳафталиги”;
1–30 ноябрь — “Кексалар учун туризм ойлиги”.
Қайд этилишича, имтиёз барча маҳаллий йўналишдаги поездларга татбиқ этилади. Тезюрар “Афросиёб” электропоезди бундан мустасно.
Чегирмали чипталарни онлайн тарзда ҳамда темир йўл чиптахоналари орқали расмийлаштириш мумкин.
Шербек Исломов, ЎзА