
Самарқанд шаҳрида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг қайта таъмирланган “Нуронийлар маскани” биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев ҳамда вилоят, шаҳар ва туман фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларни ижтимоий ҳимоялаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, саломатлигини сақлаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилганлигини таъкидладилар.
[gallery-23379]
Мазкур бинода меҳнат фахрийларининг маданий ҳордиқ чиқариши учун шахмат-шашка майдони, китоб мутолаа қилиш учун мўъжаз кутубхона ташкил этилган.
Тадбирда Халқаро оила куни муносабати билан вилоятдаги бир қатор намунали оилалар вакилларига “Ибратли оила” кўкрак нишони топширилди.
– Оиладаги соғлом маънавий муҳит, яхши анъаналар, фарзандларнинг чиройли таълим-тарбияси бу нафақат ўша оиланинг, балки маҳалланинг ҳам тинч-осойишталиги, муваффақияти калитидир, – дейди Жомбой туманида яшовчи, “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибаси Ҳафиза Ўсарова. – Бежиз мустаҳкам оила – жамият таянчи, дейилмаган. Оилаларимиз мустаҳкам, тинч-осойишта бўлса, бу жамиятга ҳам кўчади. Шунинг учун Президентимиз ташаббуси билан “Ибратли оила” кўкрак нишони таъсис этилиб, бу номга муносиб оилалар вакиллари эътироф этилиши, аввало, давлатимизнинг оилага бўлган юксак эътибори ифодаси деб биламан. Бугун бизнинг оиламиз ҳам эътироф этилиб, ушбу нишонга муносиб кўрилганини катта ишонч деб қабул қиламан.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари