Нуронийлар кўнглига йўл топиб
Мамлакатимизда Янги йил шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги ижодий гуруҳ маданият ва санъат ривожига ҳисса қўшган нуронийлар хонадонларида бўлиб, улар ҳолидан хабар олмоқда.
Жумладан, вазирлик мутасаддилари профессор Азиз Тўраев хонадонида бўлиб, устоз билан ҳамсуҳбат бўлдилар. Мулоқот домланинг теран мулоҳазалари, ҳаётий сабоқлари, бугунги дориломон кунлар шукронаси билан кечди.

Меҳнат фаолиятини Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган Азиз Тўраев туман ёшлар қўмитаси котиби, вилоят "Билим" жамғармаси раиси, Ўзбекистон кинематографияси раиси, Тошкент давлат маданият институти ректори каби турли масъулиятли вазифаларда ишлаган. Катта тажриба орттирган. Кўплаб шогирдлар тарбиялаган.
Домланинг илм йўлидаги заҳматли, машаққатли ва айни пайтда шарафли меҳнати муносиб эътироф этилиб, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони билан тақдирланган.

–Очиғи, шундай улуғ ёшда ҳам билдирган таклиф ва мулоҳазалари, ғайрат-шижоатларига ҳавас қилдик, – деди маданият вазири Озодбек Назарбеков. –Хулосамиз шу бўлдики, ўз касбини чин дилдан севган инсон қайси ёшда бўлмасин, ҳатто сочи оқарган паллаларда ҳам соҳа равнақи ҳақида қайғуришдан тўхтамас экан. Шунинг ўзи фидойиликнинг ҳақиқий намунасидир.
Суҳбат асносида нуроний устозга байрам совғалари топширилди. Юртимизнинг кўплаб етакчи санъаткорлари, устоз ижодкорлар хонадонларига ана шундай байрам олди ташрифлар бўлиб ўтмоқда.
ЎзА