Нуронийлар ҳаёти нурли бўлсин
Кексалик - инсон умрининг ўзига хос даври. Нуронийлар ҳаётининг кўнгилдагидек кечиши кўп жиҳатдан атрофдагиларнинг самимий ва меҳрибон муносабати, одамийлигига боғлиқ.
Ёши бир жойга боргани сайин кўпчилик нуронийлар яна болаликка қайтгандек парваришга, меҳр ва эътиборга, икки оғиз ширин сўзга мутож бўлиб қолиши бор гап. Хизмат юзасидан Саховат уйлари, қариялар пансионатларига боришга кўп марта тўғри келган. Афсуски, нуронийларнинг юз-кўзидаги нурнинг ўрнини қандайдир мунг, ички қайғу эгаллаб олганининг гувоҳи бўлганмиз. Иш тақозоси билан қўлимга халқ орасида “кексалар уйи”, деб ном олган масканда истиқомат қилаётган қарияларнинг рўйхати тушиб қолганди. Уларнинг аксарияти умр бўйи турли жабҳаларда ҳалол ва самарали меҳнат қилган, боз устига бола-чақали фуқаролар эканидан жуда ранжигандим ўшанда.
Мамлакатимизда кекса авлод вакиллари қадр ва эъзоз топмоқда. Лекин кундалик ҳаёт тарзимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ҳеч эътибор берганмисиз, юртимиздаги қадимий шаҳарлар, гавжум бозорлар, турли табаррук масканлар, зиёратгоҳларни кўпинча хорижнинг энг кекса фуқаролари мароқ билан томоша қилади. Рости, мен бу ҳолатни ҳам завқланиб, ҳам афсусланиб кузатганман. Завқланганимнинг боиси бизда ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган одамлар сафига аллақачон қўшиб қўйилган саксон, эҳтимолки тўқсон ёшли нуронийлар – чет эллик меҳмонлар сайёҳ сифатида келиб бемалол юртма-юрт кезиб, сайру саёҳат қилиб, кексаликнинг ростмана гаштини суриб юрмоқда.
Ранжиганим – хорижлик бобою момолар каби ўзимизнинг ота-оналаримиз, табаррук нуронийларимиз, буви-буваларимиз ҳам шундай олис юртларда бемалол кеза оладими, деган савол мени ўйлантираверади. Яширишга не ҳожат, ўзбек болам-чақам, тўй-тадбир, дейди. Топган маблағини ҳам, умрини ҳам шунга сарфлашга астойдил интилади. Буларнинг бари кексаларимизнинг саломатлигида, руҳиятида ўзининг аксини топмай қолмайди, албатта.
Ҳа, хорижда ҳам қариялар уйлари йўқ эмас. Бироқ дунёнинг аксарият ривожланган давлатлари, масалан, Япония, Корея Республикаси, Хитой ва бошқа давлатларда одамлар ҳам соғлом турмуш тарзига риоя этгани, ҳаёт тарзини тўғри йўлга қўя олгани, ўз саломатлигига анча эътиборли бўлгани, уни асрай билгани боисидан кексалик гаштини ҳам назаримда анча мазмунли йўлга қўйишга муваффақ бўлади.
Бугун жамиятда ислоҳ этилмаган соҳанинг ўзи қолмади. Ўзгаришлар шиддатини таърифлашга сўз ожиз. Давлатимиз раҳбари 6 март куни Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини бориб кўргани, улардаги шароитларни кўздан кечиргани асносида мавжуд шароитни кенг ва ҳаққоний таҳлил этишга жиддий эътибор қаратгани ҳаётнинг ҳали нур тушиб улгурмаган масканларига янги ҳаёт нафасини олиб келди, десак муболаға бўлмайди. Очиқ, ошкора, самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида мазкур учрашувнинг тарихий эканига алоҳида урғу берилди.
Чиндам ҳам учрашув тарихий бўлди. Негаки, унда кексаларнинг ҳаёт тарзи муносиб кечиши, кундалик зарурат учун техник мослама ва жиҳозларга ҳали эҳтиёж катта экани, ихтисослаштирилган муассасаларда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари, шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа мутахассисларнинг меҳнати оддий шифохона, поликлиника ва бошқа тиббиёт масканидаги кадрларнинг меҳнатидан ўн чандон оғир экани алоҳида эътироф этилди. Айни пайтда улар меҳнатини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш давр талаби эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Тиббий-ижтимоий хизматни янада яхшилаш, Саховат, Мурувват уйлари, Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатидаги техник жиҳозларни янгилаш, мазкур соҳада ҳам замон руҳи ва талабига мос ижобий ўзгаришлар ясаш фурсати аллақачон етгани борасидаги қимматли таклифлар ушбу муассасаларнинг ҳаётини, у ердаги хизматни, алал оқибатда эса нуронийларимизга кўрсатилаётган хизмат сифатини тубдан яхшилаши шубҳасиз. Зеро, яшариш, янгиланиш айёми, халқимиз орзиқиб кутаётган Наврўз байрами арафасида нуронийларнинг дуосини олишдан улуғроқ бахт борми!
Назокат Усмонова, ЎзА