Нуронийлар — ҳаёт мактабидан беқиёс сабоқ бергувчилар
Ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган эзгу қадриятлари орасида нуронийларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш алоҳида ўрин тутади. Зеро, кексалар — оиланинг файзу фариштаси, ҳаётий тажрибанинг тирик тимсоли, ёш авлод тарбиясида бебаҳо мактабдир. Уларнинг дуоси, панду насиҳати ва бой ҳаётий тажрибаси жамият маънавий барқарорлигининг муҳим омилларидан биридир.
Бугун мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, муносиб шароит яратиш ва жамиятдаги фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаси ва маънавий салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу эзгу тамойиллар “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида ҳам изчил давом эттирилмоқда. “Кексалар ҳафталиги” доирасида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда газ таъминоти соҳасида узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилган, айни кунда пенсия гаштини сураётган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга самимий ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раиси Маъруфхон Ходжаев, Бирлашган касаба уюшмаси раиси Шоназар Аҳмедов, соҳа масъуллари, фахрийлар ҳамда филиал ходимлари иштирок этишди.

Тадбирнинг дастлабки қисмида газ таъминоти соҳасида узоқ йиллар давомида масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритиб, ўзининг бой тажрибаси, касбий маҳорати ва юксак инсоний фазилатлари билан ҳамкасблари ҳурматини қозонган Абдулаҳад Хайдаровнинг пенсия ёшига етгани муносабати билан унга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Абдулаҳад Хайдаровнинг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, газ таъминоти тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва касбига садоқати алоҳида эътироф этилди. Унга узоқ йиллик ҳалол меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирилиб, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, оилавий хотиржамлик ва фаровон ҳаёт тилаклари изҳор қилинди. Фахрийга эсдалик совғалари топширилди.
Бундай эътибор, аввало, бир инсоннинг меҳнатини қадрлашдан ташқари, бутун бир авлод вакилларига бўлган юксак ҳурматнинг ифодасидир. Зеро, бугунги тараққиёт пойдеворида ўзининг куч-ғайрати, билими ва фидокорона меҳнати билан муносиб из қолдирган инсонларнинг ҳиссаси беқиёс. Уларни қадрлаш эса ёш авлодга меҳнат, садоқат ва масъулият каби эзгу фазилатларни сингдиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Бир пиёла чой устида” самимий мулоқот руҳида давом этган тадбирнинг навбатдаги қисмида нуронийлар иштирокида Қуръон тиловат қилинди. Самимият, меҳр-оқибат ва эзгу ниятлар мужассам бўлган ушбу лаҳзалар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Дарҳақиқат, кексаларни эъзозлаш — шунчаки бир тадбир доирасидаги ташаббус эмас. Бу халқимизнинг асрий қадриятларини асраб-авайлаш, авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлаш, ёшларни катталарга ҳурмат руҳида тарбиялашнинг муҳим кўринишидир.
Нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси — ёшлар учун ибрат, дуоси эса ҳар бир эзгу ишга руҳий мададдир. Шу маънода, уларни қадрлаш, ҳолидан хабар олиш, кўнглини кўтариш ва дуосини олиш — инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу сиёсатнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида ташкил этилган мазкур тадбир ҳам ана шу юксак мақсадга хизмат қилди. Зеро, инсонни қадрлаш — унинг ёшига эмас, балки ҳаёти давомида қилган эзгу ишлари, ҳалол меҳнати ва жамият тараққиётига қўшган муносиб ҳиссасига берилган юксак баҳодир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири