Нуроний бўлдим, деб дам олишга ҳаққимиз йўқ
Тошкент вилояти Пискент туманидаги "Тошкент денгизи оромгоҳи"да “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Унда вилоят ривожига муносиб ҳисса қўшган, турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатган фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар ва фаол ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов барчани “Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрами билан чин юракдан муборакбод этди. Йиллар давомида ҳудуд ривожига кўп ҳисса қўшган, турли жабҳаларда самарали меҳнат қилган фахрийларга ўзининг илиқ тилакларини билдирди.
Шундан сўнг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан тақдирланган “Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамиятининг маданият саройи директори ўринбосари Людмила Филипповага давлат мукофоти тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тоир сўзга чиқиб, илиқ тилакларини билдирди. Вилоят фахрийларининг захматли меҳнатини, ёшлар эришаётган ютуқлари, айниқса, спортчиларнинг муваффақиятларини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда элимиз хизматидаги санъаткорлар ижросидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Фахрийлар ва ёшлар кўркам дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашди.

– Халқимизда “Олтин олма дуо ол...”, деган ҳикмат бор, – дейди Тошкент вилоячти Нуроний жамғармаси кенгаш аъзоси Абдумажид Шодиев. Ҳозир вилоятимиз ёшлари эгаллаётган ютуқлар, юқори натижалар барчамизни ғурурлантиради. Шу билан бирга, давлатимиз томонидан нуронийларга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Аслида нуроний бўлдим деб дам олишга, кундалик ҳаётимизда бўлаётган кенг кўламли ишлардан четда қолишга ҳаққимиз йўқ. Йиллар давомида топланган тажрибаларимизни энди шогирдларимизга ўргатайлик. Маҳаллада ёшларни эгри йўлларга кириб кетишига бефарқ бўлмай, уларга доим ҳалол бўлиши учун маслаҳатларимизни бериш бурчимиздир.
– Олимпиададаги натижасиз иштирокимдан сўнг бироз тушкунликка тушиб қолган эдим, – дейди Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Турсуной Раҳимова. – Бироқ бу учрашув бизга ўзгача таассурот бағишлади. Юрт равнақи йўлида умрини бағишлаган инсонлар билан гаплашиб, уларнинг маслаҳатларини олдим. Келгусида уларнинг ишончини албатта оқлаймиз.
Иштирокчиларга Тошкент вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев, ЎзА