Нурафшонда тиббиётнинг янги замонавий маскани қад ростлайди
Инсон қадри, унинг саломатлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир.
Кейинги йилларда аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, юқори технологияли тиббий ёрдамни ҳудудларнинг ўзида ташкил этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда замонавий шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва диагностика муассасалари барпо этилаётгани ҳам бу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил июль ойида Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Нурафшон шаҳрида 700 ўринли кўп тармоқли тиббиёт марказига тамал тоши қўйилгани ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлди. Қиймати 800 миллиард сўм бўлган мазкур йирик лойиҳа вилоят тиббиёт салоҳиятини янада ошириш, аҳолига юқори малакали ва ихтисослаштирилган тиббий хизматларни ҳудуднинг ўзида кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Бугун Тошкент вилоятида 3 миллион 160 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 257 та давлат ва мингдан ортиқ хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, ҳудуднинг катталиги, аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашгани ва юқори ихтисослаштирилган тиббий хизматларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳамда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида жамлангани айрим мураккаб ҳолатларда беморларни узоқ масофага йўналтириш заруратини келтириб чиқармоқда.
Айниқса, юрак-қон томир касалликлари, онкологик хасталиклар, трансплантация ва бошқа мураккаб жарроҳлик амалиётларига эҳтиёж сезган беморлар учун юқори технологияли тиббий ёрдамни аҳоли яшаш жойига яқинлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, 2025 йилда Тошкент вилоятидан 247 нафар бемор юқори технологияли тиббий амалиётларни ўтказиш мақсадида республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига, 761 нафар бемор эса вилоят тиббиёт муассасаларига юборилган.

Нурафшонда барпо этиладиган янги тиббиёт маркази ана шу эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда ташкил этилмоқда. 10 гектар майдонда жойлашадиган мажмуада 700 та стационар ўрин, шу жумладан, 105 та реанимация ўрни ташкил этилади. Шунингдек, бир кунда 800 нафаргача фуқарони қабул қилиш имкониятига эга консультатив-диагностика поликлиникаси фаолият юритади. Лойиҳа 2026–2028 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, мажмуа замонавий муҳандислик ечимлари ва халқаро талабларга мос инфратузилма асосида қурилади.
– Янги тиббиёт марказининг асосий афзалликларидан бири бу ерда юқори технологияли тиббий хизматларнинг кенг қамровда йўлга қўйилишидир, – дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов. – Хусусан, кардиожарроҳлик йўналишида очиқ юрак операциялари, юрак қопқоқларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак нуқсонларини бартараф этиш каби мураккаб амалиётларни бажариш имконияти яратилади. Жумладан, қон-томир жарроҳлиги бўлимида эндоваскуляр ва очиқ усулдаги жарроҳлик амалиётлари, стентлаш, артерия ва веналар касалликларини замонавий усулларда даволаш хизматлари кўрсатилади. Марказнинг муҳим йўналишларидан яна бири трансплантация хизмати бўлади. Бу ерда буйрак ва жигар трансплантацияси бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш учун зарур инфратузилма яратилади. Торакал жарроҳлик бўлимида эса ўпка, кўкрак қафаси аъзолари ва қизилўнгач билан боғлиқ касалликларни юқори технологиялар асосида даволаш имконияти мавжуд бўлади.
Онкология ва радиология хизмати ҳам марказ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу ерда саратон касалликларини эрта аниқлаш, замонавий диагностика, жарроҳлик амалиётлари, кимё терапияси ва нур терапиясини комплекс тарзда ташкил этиш кўзда тутилган.

Тиббиёт марказида ташхис қўйиш жараёни ҳам энг замонавий технологиялар асосида ташкил этилади. Хусусан, магнит-резонанс томография, компьютер томографияси, ангиография каби юқори аниқликдаги диагностик хизматлар йўлга қўйилади. Бу беморларни касалликнинг дастлабки босқичида аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва даволаш тактикасини белгилаш имкониятларини янада кенгайтиради. Шунингдек, сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар учун гемодиализ хизмати ташкил этилади.
Марказнинг фаолияти фақат даволаш билан чекланиб қолмайди. Бу ерда илмий-амалий йўналишларни ривожлантириш, замонавий тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ва тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш учун ҳам зарур шароитлар яратилади.

Муҳими, мазкур мажмуа Тошкент вилоятида яшовчи 900 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бу ерда йилига 15 мингтагача юқори технологияли жарроҳлик амалиётини бажариш, 40 минг нафардан зиёд беморни стационар шароитида даволаш имконияти яратилади. Бу рақамлар лойиҳанинг кўлами ва унинг вилоят тиббиёт тизимидаги ўрни нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Лойиҳа бўйича 3 минг 899 та янги иш ўрни яратилади. Шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, лаборатория мутахассислари, муҳандис-техник кадрлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари учун янги иш ўринлари ташкил этилади. Бу эса биринчидан ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилса, иккинчидан эса вилоят тиббиёт тизими учун юқори малакали кадрлар базасини шакллантиришга замин яратади.
Марказнинг Нурафшон шаҳрида барпо этилиши унга яқин ҳудудлар аҳолиси учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Айниқса, Ўрта Чирчиқ тумани аҳолиси учун лойиҳанинг аҳамияти юқори. Чунки ҳудудда кўп тармоқли йирик стационар тиббиёт муассасасига эҳтиёж мавжуд. Янги марказ ишга тушгач, туман аҳолиси мураккаб ташхис ва юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари учун узоқ ҳудудларга бориш заруратидан халос бўлади. Бундан ташқари, Бўка, Пискент, Оққўрғон, Бекобод туманлари ва Бекобод шаҳри аҳолиси учун ҳам юқори малакали тиббий хизматларнинг ҳудудий жиҳатдан яқинлашиши таъминланади.
Натижада беморларнинг республика даражасидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига юборилиш ҳолатлари камайиши, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ишлари самарадорлиги ошиши кутилмоқда. Энг муҳими, илгари республика ихтисослаштирилган марказларига мурожаат қилишга мажбур бўлган кўплаб беморлар эндиликда зарур юқори технологияли тиббий хизматларни вилоятнинг ўзида олиш имконига эга бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги кўп тармоқли тиббиёт маркази вилоят соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Замонавий диагностика ва даволаш усуллари, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари, трансплантация, онкология, кардиожарроҳлик ва бошқа ихтисослаштирилган хизматларни бир мажмуада жамлаш орқали марказ нафақат Тошкент вилояти, балки яқин ҳудудлар аҳолиси учун ҳам муҳим тиббий масканга айланади.
Зеро, инсон саломатлигига эътибор жамият тараққиёти ва халқ фаровонлигининг муҳим мезонидир.
А.Мусаев, ЎзА