Нурафшон шаҳрида президент мактаби қурилади
Тошкент вилояти ҳокимининг қарорига кўра, жорий йил ҳудудда ижтимоий соҳада бир қатор объектлар қурилиши, мукаммал таъмирланиши режалаштирилган.
Хусусан, замонавий мактаблар, боғчалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари, поликлиникалар шулар жумласига киритилган.
Барча вилоятларда бўлгани каби Нурафшон шаҳрида ҳам Президент мактаби барпо этилади. Таълим маскани замонавий меъморчилик асосида қурилиб, барча қулайликларга эга бўлади. Бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 40 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Президент мактабида ўқитиш жараёни табиий фанлар, технологиялар, техник ижодкорлик, cанъат, математика соҳаларини чуқур ихтисослашган ҳолда ўқитишга асосланган. Машғулотлар халқаро “STEAM – таълим” дастури асосида олиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус туфайли мактабда иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилади.
А.МУСАЕВ, ЎзА