Нукусда ёш полвонлар беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳрида 2013–2014 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Кураш маҳорат мактабининг очиқ биринчилиги бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мусобақада Кегейли, Бўзатов, Шуманай, Қонликўл, Амударё, Тўрткўл туманлари ва Нукус шаҳридан жами 100 нафарга яқин иқтидорли спортчи иштирок этиб, ўз вазн тоифаларида беллашдилар. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳслар якунида ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди.
[gallery-28493]
Мусобақа натижаларига кўра, ўсмирлар ўртасида Қонликўл туманидан Оқилбек Кўбейсинов (33 кг), Амударё туманидан Фарруҳ Озодбоев (40 кг) ва Умиджон Алламбергенов (+65 кг), Нукус шаҳридан Ислом Қидирниёзов (48 кг) ҳамда Ойбек Кенжабоев (56 кг) ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритди.
Қизлар ўртасида эса Амударё туманидан Умида Саъдуллаева (30 кг), Тўрткўл туманидан Нурана Отабоева (36 кг), Шуманай туманидан Озода Шарибоева (52 кг) ва Нукус шаҳридан Айгера Курахова (+52 кг) биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА