Нукусда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида Тузни қайта ишлаш асосида кимё саноатини ривожлантириш бўйича халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, иштирокчиларни форумнинг очилиши муносабати билан табриклади.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз томонидан халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга, Қорақалпоғистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, ҳудудда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро форумда 20 га яқин давлатдан 100 дан ортиқ инвестор иштирок этмоқда.
[gallery-31626]
Қорақалпоғистонга инвестиция қилишда қулай томонлари, биринчидан, географик жойлашуви ва логистик қулайлиги, Қорақалпоғистон - Туркманистон, Қозоғистон давлатлари билан чегарадош жойлашгани ҳисобланади. Европа давлатларига маҳсулотларни етказиб бериш учун қулай логистика йўлларига, иккита Халқаро аэропортга, халқаро автомобиль ва темир йўлларга эга. Иккинчидан, ер ажратиш бўйича инвестиция миқдорига қараб ерлар инвесторга аукционсиз тўғридан-тўғри берилади. Учинчидан, солиқ имтиёзлари, жумладан, барча солиқлар 50 фоизга камайтирилган. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг исталган жойида очилган корхонага “Эркин иқтисодий зона иштирокчиси” мақоми берилади.
Ерларимиз қимматбаҳо фойдали қазилма бойликларига эга. Жумладан: олтин, мис, магний, кобальт, никель, кварц, бентонит ва бошқа минерал хомашё конларига эга. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон туз конларига жуда бой минтақа ҳисобланади. Масалан, “Барсакелмас” туз конининг умумий майдони 110 минг гектарни ташкил этиб, бугунги кунда унинг атиги 10 минг гектарига яқин қисми ўзлаштирилган.
Ана шундай минерал хомашё базаси негизида кимё саноати бўйича фойдали 14 та инвестиция лойиҳаси мавжуд бўлиб, улардан 19 турдаги кимёвий тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ушбу халқаро форум фаолияти ҳам шундай чора-тадбирлар натижаси бўлиб, унда 20 га яқин давлатдан 100 дан ортиқ инвестор иштирок этмоқда.
Форум доирасида ҳудуднинг мавжуд салоҳияти, инфратузилма афзалликлари, берилган имтиёзлар, шунингдек, минерал хомашё конлари, жумладан, деярли битмас-туганмас захирага эга 110 минг гектарда жойлашган “Барсакелмас” туз кони имкониятлари ҳақида маълумот берилди ва B2B шаклидаги учрашувлар ўтказилиб, унда истиқболли лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилди.
Куннинг иккинчи яримида тадбир иштирокчилари “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасида, Халқаро логистика марказида, “Барсакелмас” туз конида ҳамда “Kungrad Salt Free Zone” саноат зонасига ташриф буюрди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА