Нукусдаги Кино-концерт залида Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этиб, соҳа ходимлари ва фахрийларни касб байрами билан табриклади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун!” деган ғоя остида кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида соҳага доир қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани, замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилгани ва соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб борилаётгани, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, жорий йилнинг август ойида Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг янги биносида бўлиб, соҳа вакиллари билан учрашиб, мулоқотлар олиб борганлиги, ушбу даволаш муассасасида илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этиш бўйича таклиф билдиргани, шунингдек, келгуси йилда Қорақалпоғистонда ижтимоий соҳа, инфратузилма учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратиш ва шу жумладан, 7 та тиббиёт муассасасини янгидан қуриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб бергани халқимизга бўлган юксак эътибор ифодасидир.
[gallery-20282]
Шуни ҳам фахр билан айтиш керакки, илгари Тошкент шаҳрига ва хорижий давлатларга бориб бажариб келинган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бугунги кунда Нукус шаҳрида амалга оширилмоқда. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг: “Тошкентда мавжуд барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилади” деган сўзлари бугун амалда ўз тасдиғини топмоқда.
Албатта, аҳолига кўрсатилаётган сифатли тиббий хизматларни замонавий тиббиёт муассасаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис юртимизда ҳар йили тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларига қулай шароитлар яратиш масаласига катта эътибор қаратилиб келинмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўзида Нукус шаҳрида 8-сонли оилавий поликлиника янги биноси фойдаланишга топширилгани, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ходимлари янги бинода иш бошлагани, Тахиатош туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуаси биноси қуриб битказилгани, Республика тез ёрдам марказининг ҳудудий филиали, Беруний туманида Перинатал марказ, Амударё туманидаги туғруқ мажмуасининг янги биноси фойдаланишга топширилгани соҳа ҳаётида юз берган муҳим воқеалардир. Бундан ташқари, жорий йилда Инвестиция дастури доирасида Нукус шаҳри, Шўманай, Элликқалъа, Тўрткўл, Амударё ва Беруний туманларидаги 6 та соғлиқни сақлаш объектида 46 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 4 та тиббиёт объектида 14 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Юқоридагилар билан бир қаторда Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирлигининг “Шайх Халифа” жамғармаси томонидан қиймати 28 миллион долларлик “Она ва бола” клиникасининг қурилиш ишлари якунланиши арафасида турибди. Тиббиёт муассасаларини 1 минг 532 та компьютер техникаси билан таъминлаш учун Жўқорғи Кенгес Президиумининг махсус қарори асосида 11 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ўз навбатида бундай хайрли ишлар соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришда ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда байрам муносабати билан соҳа фидойиларига фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар топширилди.
Тантанали тадбир санъат усталари концерти билан янада файзли бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари