Нукусда Самарқанд маданияти намойиш этилмоқда
Нукус шаҳрида бошланган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Самарқанд вилояти вакиллари ҳам ҳудудга хос санъат ва маданиятларини намоён этмоқда.
Шунингдек, қўшработлик, нурободлик ва булунғурлик номдор бахшилар – Абдуалим Бекмуродов, Шавкат Бобомуродов, Сайим Эргашев ушбу нуфузли санъат байрамида иштирок этаётир.

– Вилоятимиз учун ажратилган майдонда Самарқанднинг қадимий маданияти, ҳунармандчилиги ва ўзига хос анъана ва қадриятларини кўрсатишга эътибор қаратганмиз, – дейди Самарқанд вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Х.Муҳаммадиев. – Ташкил этилган рамзий Тиллакори мадрасаси ёнида ҳунармандлар растаси, нон маҳсулотлари кўргазмаси намойиш қилинмоқда. Вилоятимиз театрлари жамоалари ҳам кичик саҳна кўринишлари тайёрлаб келган. Мақом ансамбли, “Чавқи” ва “Бешқарсак” фольклор жамоаларининг чиқишлари ҳам фестиваль иштирокчиларини бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.




Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА