Нукусда мебель ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
Нукусда олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари учун зарур мебель жиҳозларини ишлаб чиқарадиган янги корхона иш бошлади.
Германиянинг сўнгги русумдаги техника ва технологиялари билан жиҳозланган корхонада 15 турдаги замонавий мебель ишлаб чиқарилади. Эътиборлиси, корхона ишга туширилгач бу ерда маҳаллий ёшлар учун янги иш ўринлари яратилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича келажакда уйлар учун ҳам мебеллар тайёрлаш режалаштирилган.

Корхонанинг очилиш маросимида Оролбўйида фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган мебеллар билан танишди.
–Янги корхонанинг Нукус шаҳрида очилиши таълим муассасалари учун анча қулайлик яратади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Гулзира Бахиева. – Авваллари ушбу мебеллар Тошкент шаҳри ва вилоятлардан буюртма асосида олиб келинар эди. Ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг сифати ҳам яхши. Бу эса давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи аҳолисига ғамхўрлигининг амалдаги самарасидир.
Шу куннинг ўзида олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари билан корхона ўртасида шартномалар имзоланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири