Ривожланган мамлакатларда муносиб иш топиш ва барқарор даромад манбаига эга бўлишни истаган фуқаролар учун Нукус шаҳрида “Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур ярмарканинг асосий мақсади хорижий меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида тўғридан-тўғри маълумот бериш, фуқароларнинг фирибгарлик ёки ноқонуний ишга жалб қилиниши ҳолатларини олдини олиш, хорижда талаб юқори бўлган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига йўналтириш, тижорат банклари ва Миграция агентлиги орқали фуқароларни кредит, суғурта ва ҳуқуқий маслаҳатлар билан таъминлаш, ички ва ташқи меҳнат бозоридаги имкониятларни кенг тарғиб қилиш орқали ёшлар ва ишсиз фуқароларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Ярмаркада 1 минг 800 нафардан ортиқ ёш, хотин-қиз, меҳнат миграциясида бўлиб қайтган шахслар ҳамда иш излаётган фуқаролар иштирок этишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Хусусий бандлик агентликлари уюшмаси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган меҳнат ярмаркасида “Job Bridge”, “Workmall”, “Common Sense”, “NPS Personal”, “Getwork”, “The kasb”, “GlobalHR ”, “Interwork” хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга Германия, Словакия, Болгария, Латвия, Литва, Польша, Хорватия, Черногория, Сербия, Туркия, Япония, Жанубий Корея ва Россия каби давлатлардаги 12,5 мингга яқин иш ўрни таклиф этилди. Ушбу иш ўринларига 1 минг 300 нафар фуқаро қизиқиш билдириб, шундан 980 нафари рўйхатдан ўтказилди.

Миграция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан иштирокчиларга меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хорижда ишлаётган фуқаролар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг оила аъзоларига кўрсатиладиган ёрдамлар ҳақида маълумотлар берилди. Шаҳар, туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари, маҳаллий иш берувчилар – ички меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари, меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар ҳақида хориждан қайтган фуқароларга тушунтириш ишларини олиб борди.
Тадбирда иштирок этган ишсиз хамда миграциядан қайтган фуқаролар учун 549 та корхона ва ташкилотнинг 2 мингдан ортиқ бўш иш ўрни таклиф қилиниб, 158 нафар ишсиз фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Шундан 147 нафар фуқаро республикадаги турли корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига доимий ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 9 нафар фуқарога касб-ҳунар ўрганиш ва малака ошириш курсларига йўлланма, келгусида доимий иш жойларига ишга жойлашишлари ҳамда тартибли миграцияга кетишлари бўйича 310 нафар ишсиз фуқарога керакли маслаҳат берилди.

Бундан ташқари, Касбий кўникмалар маркази (мономарказ) томонидан хорижда талаб юқори бўлган касблар (электрик, қурилиш мутахассислари, сартарошлик, хизмат кўрсатиш соҳалари ва бошқалар) бўйича қисқа муддатли ўқув дастурлари, хорижий тил курслари ҳақида тарғибот ишлари олиб борилди. Натижада 30 нафардан ортиқ фуқаро рўйхатга олиниб, тил ва касб-ҳунар ўрганиш учун йўналтирилди.
Шунингдек ярмаркада тижорат банклари – фуқароларга хорижда ишлаш учун керакли маблағни тўплаш, ишга чиқиш жараёнида молиявий қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ва халқаро пул ўтказмалари бўйича хизмат турларини тақдим этди. Натижада 55 нафар фуқарога жисмоний шахслар учун яратилган кредит бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбирда хусусий бандлик агентликларининг қонуний фаолияти, фуқароларнинг фирибгарлик ёки ноқонуний ишга жалб қилиниши ҳолатларини олдини олиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича, миграция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Қорақалпоғистон Республикаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг ходимлари томонидан иштирокчиларга ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатилди.
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 70 нафардан ортиқ ёшга чет тилларини ўрганиш учун ўқув марказлари тавсия этилди. “WORK AND TRAVEL” халқаро дастурларида иштирок этувчи талаба ёшлар учун ссуда ажратилиши масалаларида тавсиялар берилди.
Мазкур меҳнат ярмаркаси фуқароларнинг хорижий меҳнат бозори ҳақидаги билим ва хабардорлигини ошириш, уларнинг қонуний ва хавфсиз ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, республикада меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш ва хориждан қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали мутасаддиларининг таъкидлашича, хорижий компаниялар ва хусусий бандлик агентликлари томонидан рўйхатга олинган иштирокчиларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилади ва маъқул келганлари ишга таклиф этилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири