Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Қизил қум” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида “Адлия сайли” ўтказилди.
Мазкур тадбир маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини биринчи навбатда янги қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятидан хабардор қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида ташкил қилинди.

Сайл давомида аҳолига сайёр давлат хизматларидан фойдаланиш, ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, адвокат, ҳуқуқшунос, нотариус, медиатор, психолог хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилиб, бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.
Тадбир давомида сайёр қабул ўтказилиб, 20 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳасига тааллуқли бўлган 8 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Бошқа мурожаатлар юзасидан зарур ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ўз соҳаларига йўналтирилган ҳолда ижроси назоратга олинди.

Бундан ташқари, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмалари, ҳарбий чиқишлар, “Ранглар жилоси” расмлар танлови бўлиб ўтди ҳамда концерт дастури намойиш қилинди.
Бу каби тадбирлар энди тизимли равишда ўтказиб борилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири