Нукус дала ўқув майдонида махсус ўқув йиғини ўтказилди
Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий таҳдид ва хатарларга қарши ҳаракат қилиш кўникмаларини юксалтириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус дала ўқув майдонида радиацион, кимёвий ва биологик муҳофаза ҳамда ўт очар бўлинмалари мутахассислари иштирокида навбатдаги дала ўқув йиғини ташкил этилди.
Бугунги глобаллашув даврида ҳарбий хизматчилардан нафақат жисмоний чиниққанлик, балки ҳар қандай мураккаб вазиятда тезкор фикрлаш, вазиятни тўғри баҳолаш ва пухта режалаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилади. Ана шундай юксак масъулиятни ўзида мужассам этган мазкур ўқув йиғини шахсий таркибнинг назарий билимларини амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш, жанговар шайликни янада мустаҳкамлаш ҳамда замонавий ҳарбий тайёргарлик талабларига мос малакаларни оширишга хизмат қилди.
Машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар радиацион-кимёвий разведка олиб бориш, зарарланган ҳудуд ва ҳарбий техникаларга махсус ишлов бериш, шахсий таркибни ҳимоялаш, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиш ҳамда мураккаб тактик шароитларда жанговар отиш вазифаларини амалий тарзда муваффақиятли бажарди.
gallery-30667
Ҳар бир босқичда хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда бажарилган машғулотлар шахсий таркибнинг касбий маҳорати, интизоми ва масъулиятини яна бир бор намоён этилди. Айниқса, фавқулодда вазиятларда қисқа фурсатда тўғри қарор қабул қилиш, мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш ҳамда белгиланган меъёрлар асосида ҳаракат қилиш борасидаги тайёргарлик юқори даражада эканлиги амалда ўз тасдиғини топди.
Ўқув йиғинининг муҳим жиҳатларидан бири куч тузилмалари ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани бўлди. Машғулотлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Қўшма машғулотлар давомида турли вазиятларда куч ва воситаларни мувофиқлаштириш, ўзаро ахборот алмашинуви, тезкор бошқарув ҳамда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш бўйича амалий тажрибалар янада бойитилди.
Бундай комплекс ёндашув ҳар қандай фавқулодда ёки жанговар вазиятда давлатнинг куч тузилмалари ягона мақсад йўлида бирлашиб, мувофиқлаштирилган ҳолда ҳаракат қилишининг муҳим омили эканини яна бир бор намойиш этди.
Дала ўқув йиғини давомида ҳарбий хизматчилар ўзларига юклатилган вазифаларни аниқ, ишончли ва белгиланган меъёрлар асосида бажариш орқали юксак касбий салоҳият ва жанговар тайёргарликни намоён этдилар. Ҳар бир амалий машғулот замонавий ҳарбий тайёргарлик талабларига мос равишда ташкил этилиб, бўлинмаларнинг ҳақиқий шароитларда самарали ҳаракат қилиш имкониятларини янада оширди.
Ўқув йиғини якунида шахсий таркибнинг жанговар шайлиги сезиларли даражада мустаҳкамланиб, мутахассисларнинг касбий салоҳияти, амалий кўникмалари ва тезкор ҳаракат қилиш қобилияти янги босқичга кўтарилди. Ўтказилган машғулотлар бўлинмаларнинг ҳар қандай мураккаб ва кескин вазиятларда юклатилган вазифаларни аниқ, ишончли ҳамда самарали бажаришга ҳар томонлама тайёр эканини яна бир бор амалда тасдиқлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари