Ноябрнинг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни этиб белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор муҳим қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилмоқда.
Дастлаб “Фармацевтика ходимлари кунини белгилаш муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, фармацевтика соҳаси жадал ривожланмоқда, — деди депутат Бахтиёр Ортиқов. — Соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари ҳам йилдан-йилга ошириб борилмоқда. Аҳолига тезкор тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошмоқда. Оналар ва гўдаклар ўлими 2 баробарга камайди. Бу каби эришилаётган рақамлар тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасидир.

Жумладан, фармацевтика соҳасида ҳам бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимизда 50 мингдан ортиқ фармацевтика мутахассиси фаолият юритмоқда. 504 та фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси, 478 та дистрибьютор ташкилот ва 14 мингдан ортиқ дорихона аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга. Шу мақсадда ушбу қонун лойиҳасига кўра, амалдаги қонунда “Тиббиёт ходимлари” деган сўзлар “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари” деган сўзлар билан алмаштирилиб, ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни этиб белгиланиши назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунга кўра, фақатгина тиббиёт ходимлари куни нишонланар эди, — деди депутат.
Муҳокамаларда мазкур қонун лойиҳаси жамиятда фармацевтика ходимларининг мавқеини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Мажлисда қонун лойиҳаси кейинги ўқишларда ҳам кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА