“Нотариуслардан ҳуқуқий билимлар” акциясига старт берилди
Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган мазкур икки кунлик ҳуқуқий-ижтимоий акция давомида 100 дан ортиқ нотариус республикамиз ҳудудларида жойлашган ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берадилар.
Хусусан, бугун эрта тонглар Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий авиация институтида учрашув бўлиб ўтди: курсантлар ва институт ходимлари нотариуслар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилдилар.

Акция Ўзбекистон Нотариал палатаси ва Мудофаа вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди.

Учрашувда вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўра Худойбердиев, хусусий нотариуслар — Улуғбек Турдиев, Асрор Бегимов, Акмал Ўринов ва Рамизжон Хонқуловлвр иштирок этдилар.

Ҳарбийлар ҳужжатларни расмийлаштиришдан тортиб кундалик ҳаётда ҳуқуқларни ҳимоя қилишгача бўлган турли мавзуларда саволлар билан мурожаат қилишди. Нотариуслар эса уларга батафсил жавоб бериб, амалий маслаҳатлар бердилар. — Бундай учрашувлар фақат хизмат пайтидагина эмас, балки оилавий ёки турмушда юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда ҳам фойдалидир, — дея таъкидлади сўз олганлар.

Акция мамлакат бўйлаб давом этмоқда.
ЎзА