Нотариуслардан бепул ҳуқуқий маслаҳат
Навоий шаҳридаги “Илм ва маърифат боғи”да Ўзбекистон ва Турон маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун “Нотариуслардан бепул ҳуқуқий маслаҳат” акцияси доирасида нотариуслар билан суҳбат ўтказилди.
Унда “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлинмаси, Нотариал палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси, “Мадад” маслаҳатлар бюроси Навоий шаҳар бўлими масъуллари, Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иштирок этди.

Учрашувда фуқароларга мерос масалалари, эр ва хотиннинг умумий мулки, тураржойларни хусусийлаштириш ва ундан фойдаланиш, тураржойга доимий рўйхатга қўйиш ва чиқариш, кўчмас мулкнинг тоифасини ўзгартириш, алимент ундириш ва алимент тўлаш хақида келишувни нотариал тасдиқлаш, онлайн нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби каби масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди.

– Натариуслар томонидан ўтказилаётган қабулни эшитиб келдим, – дейди Шавкат Абдиазизов. – Улардан уй-жойни кадастр қилиш тартиб-тамойили, ундириладиган тўловлар ҳақида қилган мурожаатим юзасидан бепул маслаҳат ва тушунтириш олдим. Энг муҳими, фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар ва масалаларга вақт ва маблағ сарфламасдан шу ернинг ўзида ҳуқуқий жавоблар олишди.
Албатта, бу каби учрашувлар, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини янада юксалтиришга, адолатли ва халқчил жамият барпо этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири