Нотариал соҳада халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон Нотариал палатаси нотариусларнинг сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш мақсадида уларга услубий ёрдам кўрсатиш, фойдаланиш учун қулай бўлган аудиокитоблар тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.
Шу билан бирга, илғор хориж тажрибаларини ўрганиб, аҳолига қулайлик яратувчи тартиб-таомилларни ўзимизда жорий этиш билан ҳам шуғулланилмоқда.
Шу мақсадда Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ўзбекистон нотариал соҳасида олиб борилган ишлар бўйича тақдим этилган маълумотларни халқаро мутахассислар ижобий баҳолади. Яқинда Ўзбекистон мазкур иттифоққа аъзо бўлади.
Айтиб ўтиш керакки, нотариал хизматлардан нафақат мамлакат ичидаги аҳоли, балки хорижда ишлаётган, ўқиётган ватандошларимиз ҳам фойдаланади. Хориждагиларга Ўзбекистоннинг ўша ердаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари бу хизматни имкон қадар кўрсатиб келмоқда. Палата ходимлари эса уларга бу борада зарур маслаҳатлар бериб бормоқда.
Келгусида хориждаги ватандошларимиз учун бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўлга қўйилади. Айнан шу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш учун ўзбекистонлик нотариуслар хорижлик ҳамкасблари билан ҳам ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистон Нотариал палатаси ва ва Украина Нотариуслар палатаси ўртасида меморандум имзоланди.
Ушбу меморандум орқали палаталар ваколатлари доирасида ва ўз давлатларининг миллий қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.
– Биз Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси фаолиятини ташкил топганидан буён кузатиб келяпмиз, – дейди Украина Нотариуслар палатаси раиси Владимир Марченко. – Палаталаримиз ўртасида меморандум имзоланиши ўзаро тажриба алмашиш билан бирга аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА