Нотўғри рекламаларга йўл қўйилмайди
Афсуски уларда вирусли касалликлар, шу жумладан коронавирус инфекциясига қарши таъсир кўрсатувчи моддалар ва уларнинг хусусиятлари тўғрисида истеъмолчиларни чалғитувчи фикрлардан фойдаланилмоқда.
Айни пайтда аксарият реклама воситалари, жумладан интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграмм каналлари орқали коронавирус инфекциясини (COVID-19) даволаш ва профилактика қилишга мўлжалланган дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа даволаш усуллари рекламаси кескин фаоллашди.
Афсуски уларда вирусли касалликлар, шу жумладан коронавирус инфекциясига қарши таъсир кўрсатувчи моддалар ва уларнинг хусусиятлари тўғрисида истеъмолчиларни чалғитувчи фикрлардан фойдаланилмоқда.
Бунда реклама ахборотидаги маълумотлар амалдаги ҳолатга мос келмаслиги истеъмолчилар ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бундай рекламалар орқали сотиб олинган (истеъмол қилинган) дори воситалари фуқароларнинг саломатлигига ва моддий манфаатига зиён етказмоқда.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек, маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талабдир.
Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама нотўғри реклама ҳисобланиб, бундай реклама тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Юқоридагиларни инобатга олиб истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги коронавирус пандемияси даврида реклама берувчи ва тарқатувчилардан қонунийлик, аниқлик, ишончлилик тамойилларига қатъий амал қилиш, асоссиз, ҳеч қандай исбот ва далилларга эга бўлмаган ахборот тарқатишни ҳамда дори воситалари ва тиббий хизматларга аҳолининг ишончини йўқотишга уринишдан иборат ҳаракатларга йўл қўймасликлари ҳамда истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситаларида тарқатмасликларини сўрайди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Агентлигининг Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси