Носоз сув совутгичи янгисига алмаштирилди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг истеъмолчилик ҳуқуқи тикланиб, носоз сув совутгичи янгисига алмаштириб берилди.
Маълум қилинишича, фуқаро Н.Ҳ. туман марказидаги савдо мажмуасидан 1 миллион 300 минг сўмга сув совутгичи харид қилган. Бироқ маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида қисқа вақт ичида техник носозлик юзага келган. Шундан сўнг истеъмолчи амалий ёрдам сўраб Деҳқонобод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаат асосида мутахассислар томонидан ҳолат қонунчилик талаблари асосида ўрганилиб, сотувчи билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида сув совутгичидаги нуқсон ишлаб чиқарувчи корхона айби билан юзага келгани аниқланди.
Натижада носоз маҳсулот савдо дўконига қайтарилиб, истеъмолчига унинг ўрнига янги ва соз ҳолатдаги сув совутгичи тақдим этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар истеъмолчиларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини яхши билиши ҳамда ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли ташкилотларга мурожаат қилиши муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири