Ноширлик фаолияти такомиллашмоқда
Самарқанд шаҳрида “Ноширлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Самарқанд шаҳрида “Ноширлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, ноширлик ва матбаа соҳаси ходимлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– 2019 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шарафутдинов. – Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, бу борада соҳа вакиллари билан ўзаро фикр алмашиш мақсадида Самарқандда мазкур давра суҳбати уюштирилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, айни пайтда амалда бўлган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича айнан самарқандлик ноширлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан муҳим таклифлар билдирилган эди. Бу гал ҳам ўша суҳбатлар давом этди.
Давра суҳбати қатнашчилари китоб ва бошқа босма маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва саводхонлик маданиятини юксалтиришга кўмаклашувчи соҳа фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

