
Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Омонулла Зарипов маълум қилди.
Унда қайд этилишича, инспекция тоғ-кон ва геология, нефть ва газ-геологиясида қидирув ва уларни қазиб олиш, кончилик ва кон портлатиш ишлари, ер ости сувлари назорати йўналишларида хавфсизликка доир қонун, норматив, техник ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини олиб боради.
Инспекция томонидан 2024 йил мобайнида 1 640 та назорат тадбири ўтказилиб, 359 та ноқонуний ҳолат аниқланган. Натижада рухсатсиз қазиб олиш орқали 10 миллион метр куб норуда фойдали қазилмалар қазиб олингани маълум бўлиб, давлатга 447 миллиард 500 миллион сўм зарар етказилгани қайд этилди. Бу ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Шунингдек, 779 та тадбиркорлик субъектида мониторинг ўтказилиб, 125 та ҳолатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажми камайтириб кўрсатилгани аниқланди. Шу сабабли, қўшимча 17 миллиард 200 миллион сўм ер қаъридан фойдаланиш солиғи ҳисобланган.
Ер ости сувларига рухсатсиз бурғилаш ва фойдаланиш бўйича 142 та субъектга тегишли 11 мингдан ортиқ қудуқда мониторинг ўтказилди. Натижада 76 та субъектга тегишли 9 мингдан ортиқ қудуқ фаолияти тўхтатилиб, 94 миллион 600 минг сўмлик маъмурий жарималар белгиланди.
Қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олишга қарши рейдларда 515 нафар шахсга нисбатан 5 миллиард 300 миллион сўмлик жарималар қўлланилди. Инспекция томонидан 604 та давлат назорати ва текширув ўтказилиб, 8 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган. 211 нафар мансабдор шахсга 162 миллион сўм жарима солиниб, 5 нафар раҳбар лавозимидан четлатилган.
– Ўз навбатида, “Навоий КМК”, “Олмалиқ КМК” ва “Ўзбеккўмир” АЖда 55 та авария ва бахтсиз ҳодиса хавфи аниқланиб, ишларни вақтинча тўхтатиш орқали 64 миллиард сўмлик моддий зарарнинг олди олинган. Инспекция назоратидаги объектларда 25 мингга яқин мутахассис ва ишчи ходимларнинг билимлари синовдан ўтказилиб, 5 мингдан ортиқ ходим қайта тайёрлашга юборилган. Таҳлил даврида соҳада 1 780 та профилактика тадбири ўтказилиб, 344 та техник кўрик ва 266 та хавфли ишлаб чиқариш объекти иштирокида семинарлар ташкил этилди. Тоғ-кон саноатида қонунийлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2 500 га яқин ҳужжат расмийлаштирилиб, тегишли рухсатномалар берилди, – деди О.Зарипов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА