Норин туманида «Истеъмолчилар уйи» очилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ҳамда 5 та муҳим ташаббус доирасида Наманган вилоятининг Норин тумани марказида ҳам «Истеъмолчилар уйи» маъмурий комплекси қурилиб ишга туширилди.
Унда аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш мақсадида ташкил этиладиган «Истеъмолчи кутубхонаси» билан бир қаторда, хорижий тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган ўқув маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
[gallery-9048]
Мазкур бинонинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда Федерация марказий аппарати, вилоятлар ҳудудий бирлашмалари раҳбар ва масъул ходимлари, маҳаллий ҳокимлик ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўз олган туман ҳокими Жўрабек Нурматов, федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов, Олий мажлис сенати аъзоси Н.Абдуллаев, Республика Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қ.Қирғизалиев ҳамда бошқалар «Истеъмолчилар уйи» туман аҳолисининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш маскани бўлиб қолишини таъкидлади.
ЎзА