Ноқулай шароитдаги муваффақият сири
Чирчиқ дала-ўқув майдони тунд қиёфадаги ҳорғин кимсани эслатади. Аёзнинг зўридан дов-дарахтлар ҳам қилт этмайди. Айрим нозиктаъб одамлар уйида ўтириб, совуқдан шикоят қилиб турган айни шу паллада Қуролли Кучлар академиясининг тўртинчи босқич курсантлари БТР-80 ва ўқотар қуроллардан назорат ўқ отиш машқини бажардилар.

Курсантларнинг кичик гуруҳлар таркибида, кундузи ва тунда қанотлар бўйлаб амалий отиш машқларини бажаришини жанговар тайёргарликнинг янги босқичига менгзаш мумкин эди.
Машғулот раҳбарлари кузатувида иштирокчилар белгиланган вазифаларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб, навбат билан адо қилдилар. Подполковниклар – Рашид Аҳмадалиев, Маъруфхон Комилов, Анвар Сатторов, Абдуманноп Турғунов каби академия ўқитувчилари курсантларнинг хатти-ҳаракатларидаги камчилик ва ютуқларни муҳокама қилиб, баҳолаб борди.
Атроф оппоқ қор билан қоплангани, кийимлардан ўтиб кетаётган изиллаган совуқ ҳам кор қилмайди. Устоз офицерларнинг суҳбат мавзуси бугунги кундаги ҳарбий таълим, ўзгариш ва янгиланишларга уланиб кетади. Курсантлар қайси мавзуларни ўзлаштиришда қийналяпти? Қайси фанларда амалиёт билан вобасталикда нуқсонлар учрайди? Олий ҳарбий таълим муассасаларининг нуфузини янада ошириш учун нималарга аҳамият бериш керак?
Муҳими, айни пайтдаги натижа – Қуролли Кучлар академиясининг тўртинчи босқич курсантлари ўқотар қуроллардан отиш ва жанговар машиналарни ҳайдаш бўйича кундузги ва тунги назорат ўқ отиш машқларини муваффақиятли бажармоқдалар.

Ташқаридан қарасангиз, баҳайбат ҳарбий техника қорли полигонда осонгина сирғалиб-сирғалиб юриб кетаётгандек кўринади. Ўрни келганда нишонни мўлжалга олиб, ўқ узади. Бехато кетса, ютуқ уларники.
Ўша жанговар машинанинг ичида ўзингиз бўлсангиз-чи?
Унда вақт оқими ва макон бошқа ўлчамга ўтиб қолгандек туюлади. Бироз тор, аммо кўз илғамас ҳудудгача ишғол қила оладиган қудратли ҳарбий техника. Назарингизда, аллақанча масофани босиб ўтиб келсангиз, одатий чамада узоқлиги сезилмайди.
– Курсантлар БТР-80 жанговар машинаси ҳамда десант қуроллари билан биргаликда ён томонлама ҳаракат вақтида отиш машқларини бажармоқдалар. Ушбу тактикада ҳозирги кунда шаҳар шароитида олиб бориладиган жангларни ўрганиш асосида кутилмаган вазиятларда ҳаракатланиш усуллари жамланган. Бу орқали бўлажак офицерлар ўрганган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамламоқдалар, – деди подполковник Фурқат Йўлдошев.
– Кун ўтган сари сафдошларимнинг масъулияти ортаётганини ҳис қилиб турибман. Нега? Чунки саноқли ойлардан кейин биз ҳам офицерлар қаторидан ўрин оламиз. Кейин хатоларимиз кечирилмайди, ўрганувчидан ўргатувчига айланамиз. Шунинг учун ҳам ҳар кунлик фурсатимизни ғанимат билиб, билим, тажриба ва кўникмаларимизни оширишга ҳаракат қиляпмиз. Ушбу машғулотлар давомида қулай бўлмаган шароитда душманнинг эҳтимолий ва кутилмаган ҳужумларига қарши кундузи ва тунда жанг олиб бориш усулларини ўзлаштиряпмиз, – дейди курсант Ўролбек Холиёров.
Курсантлар билан суҳбатлашганимизда улар олий ҳарбий таълим муассасасига кириш чоғида ва таҳсил бошлангандаги ҳаяжон ва масъулият ҳақида гапира кетишди. Уларнинг эндиги ўйи, хаёли бўлажак офицерлик фаолиятини муваффақиятли бошлаш ҳақида эди. Бу йўлда курсантлар бор ғайрат-шижоатларини ишга солишяпти.
Ушбу машғулот ҳам курсантларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида асқатувчи муҳим омиллардан саналади. Кун келиб, уларнинг тимсолида Қуролли Кучлар академиясига баҳо берилади. Шу боисдан ҳам улар совуғу изғиринга қарамасдан кундузги ва тунги назорат отиш машғулотларини муваффақиятли бажардилар.
Азиз НОРҚУЛОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими