Ноқонуний товарлар тўхтатилди
Бухоро вилояти “Олот” чегара божхона постида товарларни ноқонуний тарзда юртимиз ҳудудига олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилди.
Хорижий йўналиш орқали ҳаракатланган юк автотранспорт воситаси республикамиз ҳудудига кириб келган чоғида тегишли қонунчилик талаблари доирасида бирламчи божхона назоратидан ўтказилган.

Натижада автотранспорт воситасига ортилган юкларнинг “Z-Portal” инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида олинган рентген тасвирлари ва божхона юк декларациясида ўзаро тафовут юзага келганлиги сабабли товарлар холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди. Натижада юк кузатув ҳужжатларида умуман қайд этилмаган, умумий қиймати 1 миллиард 174 миллион сўмни ташкил этувчи кир ювиш воситалари ҳамда болалар таглиги борлиги аниқланди.

Мазкур товар- моддий бойликлари қонуний қарор қабул қилингунга қадар вақтинча сақловга олинган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан божхона суриштируви олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири