Ноқонуний ов қилганларга чора кўрилмоқда
Маълумки, белгиланган ҳудудда ёввойи ҳайвонларни овлаш учун тасдиқланган квоталар бўйича овчилик гувоҳномаси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан берилган рухсатномага эга бўлган шахсларгагина ов қилишга рухсат этилади.
Бироқ мавжуд талабларга риоя қилмаётган айрим шахслар ўз эҳтиёжларини ўйлаб, муҳофазадаги жониворлар ва қушларга зарар етказмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари томонидан Бўстонлиқ тумани Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига қарашли Қоронғу Тўқай бўлими ҳудудида экологик назорат тадбирлари олиб борилди.

Ўтказилган рейд тадбири давомида шу ерда яшовчи фуқаро Й.Б. инспекторлар томонидан кўздан кечирилди. Унинг ёнидан бир бош Сибир тоғ эчкисига тегишли бўлган бош қисми ва гўшт борлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Бўстонлиқ тумани судига юборилди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳайвонот дунёсига 11 миллиондан сўмдан зиёд зарар етказгани маълум бўлди.

Шунингдек, Оҳангарон тумани “Тут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фуқаро Б.Т. томонидан тегишли рухсатномаларсиз махсус тўр ёрдамида сайроқи сава қушларини овлаётганлик ҳолати аниқланди. Ушбу ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 90-моддаси, 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жарима чораси қўлланилди. Ўн бош сайроқи сава қушлари очиқ табиат қўйиб юборилди.
А.Мусаев, ЎзА