Шу кунларда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ва бўлим ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан бирга жойларда ўрганишлар давом этмоқда.
Жумладан, Ромитан туманининг Самосий маҳалласида жойлашган хонадонларнинг бирида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинган ҳолат аниқланди. Фуқаро хонадони назоратдан ўтказилганида ҳеч қандай электрон газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатмасдан, табиий газга ноқонуний уланган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, табиий газ ҳажми қайта ҳисоб қилинди ҳамда истеъмолчи жаримага тортилди.
– Туманнинг яна бир маҳалласи Марзия ҳудудида ҳам ноқонуний ҳолат аниқланди, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали масъул ходими Алишер Ҳамроев. – Хонадон эгаси электрон газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтиб, резина шланг орқали айланма йўл билан табиий газга ноқонуний уланиб, фойдаланган. Ўрганишлар давомида истеъмолчининг 7233 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди ҳамда бу хатти-ҳаракати сабаб фуқаро 18 807 360 сўм миқдорида жаримага тортилди.
Бугун баъзи истеъмолчилар табиий газдан фойдаланганда ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини унутиб қўймоқда. Олиб борилаётган ўрганишлар давомида истеъмолчиларга бу ҳақида тегишли тартибда тушунтиришлар берилмоқда ва нотўғри хатти-ҳаракат учун қонунчиликда жавобгарлик мавжудлиги ҳам таъкидланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.