Ноқонуний газ савдосига қарши рейдлар давомида 3 мингдан зиёд газ баллони сақланаётгани аниқланди
Республика бўйлаб ўтказилган рейд тадбирларида суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш ва қиммат нархларда сотиш билан боғлиқ 120 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Уларнинг 39 тасида газ таъминоти идоралари ходимларининг алоқадорлиги фош этилди.
Мамлакатда табиий газ тармоқларига уланмаган ҳудудлар аҳолисини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, ажратилган ресурсларнинг мақсадли тақсимланишини назорат қилиш чоралари кучайтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 сентябрдаги аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган қарорида соҳада бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, газ ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланган.
Шунга қарамай, айрим шахслар аҳоли учун ажратилган газ баллонларини ноқонуний равишда сақлаб, уларни белгиланган тартибга зид равишда қиммат нархларда сотиш орқали даромад олишга уринмоқда.
Бундай қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзэнергоинспекция» ходимлари ҳамкорлигида республика ҳудудларида рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 19–21 октябрь кунлари ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мамлакат бўйича 120 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолати фош этилди. Шундан 39 тасида газ таъминоти идоралари ходимларининг бевосита алоқадорлиги аниқланди.
Тадбирлар натижасида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллони ҳамда уларда сақланган 13 636 килограмм суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.
Жиззах вилоятида 9 та ҳолат бўйича сотиш мақсадида ноқонуний сақланган 239 та газ баллони аниқланди. Хусусан, Зомин тумани газ таъминоти бўлимида илгари юқори лавозимлардан бирида ишлаган шахс қариндошига тегишли хонадонда 152 та газ баллонини яширинча сақлаб келгани маълум бўлди.
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида эса газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларидан бирининг уйидан ҳужжатларсиз сақланаётган 30 та газ баллони олинди.
Самарқанд вилоятидаги тезкор тадбирда Ургут туман газ тўлдириш шохобчаси қоровули газ билан тўлдирилган 3 та баллонни 2,5 миллион сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди.
Пастдарғом туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан эса газ билан тўлдирилган 22 та баллон топилди. Маълум қилинишича, у баллонларни туман газ таъминоти бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олиб, истеъмолчиларга 100 минг сўмдан сотган.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ҳам қонунбузилиш ҳолати фош этилди. Туман газ таъминоти бўлими муҳандиси ва чилангари аҳолига етказиб бериш учун мўлжалланган 8 та газ баллонини ўз хонадонларида ноқонуний сотиш мақсадида сақлаб келган.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган рейдлар давомида ноқонуний сақланган 65 та газ баллони тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Жумладан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро туман газ таъминоти бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан харид қилган 32 та баллонни истеъмолчиларга қимматроқ нархда сотишни режалаштирган.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида газ таъминоти бўлими ҳайдовчисининг уйидан ҳам 26 та газ баллони процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шу каби ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа ҳудудларда ҳам аниқланган.
Масъул идоралар маълумотига кўра, аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газнинг ноқонуний муомаласига қарши рейд тадбирлари мунтазам давом эттирилади. Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА