Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан табиий газдан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, энергетика ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Комплаенс назорат тузилмалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилаётган рейдлар давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, Ғиждувон туманининг “Ғовшун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ошхона биносида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Аниқланишича, ушбу объект ҳеч қандай лойиҳа ҳужжатларисиз фаолият юритиб келган бўлиб, бошқа манзилга тегишли электрон газ ҳисоблаш ускунаси ўзбошимчалик билан кўчириб келинган ва ноқонуний тарзда ишлатилган.
Мутахассислар томонидан ўтказилган текширувлар натижасида табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш орқали таъминотчи корхона манфаатларига катта миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 114 миллион 936 минг сўм миқдорида моддий зарар аниқланган.

Шунингдек, Шофиркон туманининг “Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Т.Б.нинг хонадони ҳам кўрикдан ўтказилди. Текширув давомида истеъмолчи электрон газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтиб, яширин уланиш йўли орқали табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келгани аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, 100 миллион 647 минг сўм миқдорида зарар ҳисобланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонун доирасида чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки тармоқларда босим пасайиши, авариявий ҳолатлар ва хавфсизлик муаммоларини ҳам келтириб чиқаради. Шу боис аҳолидан табиий газдан қонун доирасида ва хавфсиз тарзда фойдаланиш, ҳисоблаш ускуналарига ўзбошимчалик билан аралашмаслик сўралмоқда.

Бундай назорат тадбирлари келгусида ҳам изчил давом эттирилиши, энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз чоралар кўрилиши таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири