Ноқонуний фаолиятга чек қўйилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида қонунга хилоф тарзда фаолият олиб борган тадбиркор фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Вилоятда “Хавфсиз ҳудуд” кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилди. Ғиждувон тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг Вазиршоҳ маҳалласида яшовчи фуқаро М.Ф. нинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Аниқланишича, фуқаро мойжувоз ускунасидан фойдаланиб, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган чигитдан олинадиган маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариб келаётганлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давомида ашёвий далил сифатида 9.2 килограмм пахта чигити, 2.6 килограмм кунжара ем маҳсулоти, 1.6 литр пахта ёғи ҳамда 1 дона мой жувоз ускунаси текшириш мақсадида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА