
Бухоро вилояти Пешку туманининг Туркистон маҳалласида 5 000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 156 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар — яъни ногиронлиги бўлган шахслар (НБШ) рўйхатга олинган.
Улар билан мунтазам ишловчи маҳалла ижтимоий ходими — Коммуна Нуриллоева бугунги кунда ўз фаолияти билан кўпларга ўрнак бўлмоқда.
Эътиборлиси шундаки, Коммуна опанинг ўзида II гуруҳ ногиронлиги, турмуш ўртоғида эса I гуруҳ ногиронлик гуруҳи мавжуд. Шунга қарамай, у эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам қўлини чўзишдан чарчамаяпти. Унинг фаолиятида инсонпарварлик, меҳр ва сабр устувор.

Коммуна Нуриллоева томонидан олиб борилган ишлардан бири — ижтимоий ҳимояга муҳтож Зиёда Нуриллаева хонадони учун кейс очилиши бўлди.

Ушбу оилага бир қатор ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Натижада фарзанди имтиёзли тарзда мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди. Иккинчи фарзанди эса навбатга қўйилди. Зиёда Нуриллаевага психологик хизмат кўрсатилди. Доимий пропискаси Қашқадарё вилоятидан яшаб турган манзилига ўтказишда ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатилди. 90 ёшли қайинмомосига қаровчи сифатида тайинланди. Зиёда опанинг турмуш ўртоғи эса оиладаги 3 нафар руҳий хаста бўлган отаси ва укаларига васий сифатида белгиланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали эса бу хонадонга моддий ёрдам ажратилди. Табиий газ ва электр энергияси учун қиш мавсумида компенцация тўлови берилди.

Коммуна опанинг келгусидаги режалари ҳам мақсадли — айни пайтда у ушбу оиланинг яшаш шароитини яхшилаш, яъни уй-жойини таъмирлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Бундай фидойилик мисоллари, шубҳасиз, маҳалла миқёсида ижтимоий бирдамлик ва ўзаро меҳр-мурувватнинг ошишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.