Ногиронлиги бор шахслар ҳам тадбиркор бўлмоқда
Бухоро вилоятининг Вобкент ва Ромитан туманлари тобора тадбиркорларнинг манзилига айланмоқда. Эътиборлиси, ногиронлиги бор шахслар ҳам тадбиркор бўлишга интилмоқда.
– Иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Ромитан туманида истиқомат қилаётган Қурбон Ибрагимов. – Бизга давлатимиз томонидан кўплаб имконият ва имтиёзлар берилган. Хусусан тадбиркорлик қилсак 50 фоиз солиқ тўлаймиз. Манга шу томони маъқул бўлгани учун тадбиркорликни бошлаганман. Маҳалламиз солиқчиси доим ёрдам бериб, қўшимча енгиллик ва солиқ янгиликларини етказиб туради.

– Дарҳақиқат, Солиқ кодексига мувофиқ қатъий белгиланган солиқ ставкаси тўловчиси I-II- гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланганида фаолият туридан ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, ойига белгиланган миқдордаги солиқнинг 50 фоизини, бироқ БҲМнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди. Бухорода солиқ органлари томонидан ногиронлиги бор шахслар ўртасида ўрнатилган яхши ҳамкорлик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун берилган кўмак натижасида бугун вилоятда 4 000 нафардан ортиқ ногиронлиги бор шахслар тадбиркорлик ортидан даромад топмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида берилган солиқ имтиёзи туфайли уларнинг ихтиёрида 12 миллиард сўмга яқин маблағ қолдирилган, – дейди вилоят солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиев.


Ногиронлиги бор шахсларга нафақа тўланаётгани, шу билан бирга, меҳнат қилишлари ҳамда тадбиркорлик учун зарур шарт-шароитлар ва солиқ енгилликлари яратиб берилаётгани чин маънода инсонпарварлик сиёсатининг кўринишидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.