Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки: халқаро ва миллий тажриба
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизи, яъни бир миллиарддан кўпроқ эркак, аёл ва болаларда ногиронлик мавжуд. Уларнинг сиёсий жараёнларда иштироки муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳуқуқий демократик давлат учун асосий жиҳатдир.
Демократик ҳуқуқий давлатларда имконияти чекланган шахсларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этишлари учун халқаро, минтақавий ва миллий қонунчилик асослари яратилган. Хусусан, 1948 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Ушбу декларациянинг 21-моддасида «ҳар ким ўз мамлакатининг бошқарувида бевосита ёки ўзи эркин тарзда танлаган вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга» экани ва «ҳар ким ўз мамлакатидаги давлат ишида хизмат қилиш борасида тенг ҳуқуққа эга» экани тасдиқланган. Мазкур ҳуқуқлар 1966 йилда қабул қилинган яна бир БМТ шартномаси – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида ҳам такрорланган. Қолаверса, 2006 йилда БМТнинг Бош ассамблеяси томонидан Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, деб номланган муҳим шартнома ҳам қабул қилинган. Ушбу Конвенция инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартнома бўлиб, у БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. БМТнинг 192 аъзо-давлатидан, 2021 йил май ҳолатига кўра, 183 таси ушбу Конвенцияни ратификация қилган. Ушбу конвенция 50 та моддадан иборат бўлиб, дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Жумладан, мамлакатимиз ҳам Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция қўшилган. Мазкур Конвенциянинг 29-моддасида давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларга «керак бўлганда ёрдамчи ва янги технологиялардан фойдаланишга кўмаклашиш орқали уларнинг сайловга ўз номзодини қўйиш, мансабдор шахс лавозимини эгаллаш, ҳокимиятнинг барча даражаларидаги давлат хизматини бажариш» ҳуқуқини таъминлаши лозимлиги таъкидланади. Шунингдек, 29-моддада давлатлар «ногиронлиги бўлган шахслар дискриминацияга учрамаган ҳолда бошқалар билан тенг равишда давлат ишларини юритишда самарали ва тўлиқ иштирок эта оладиган муҳитни яратишга фаол кўмаклашиши ва уларнинг давлат ишларида шу жумладан, сиёсий партиялар фаолияти ва бошқарувидаги иштирокини рағбатлантириши» лозимлиги белгиланган.
Шунингдек, 2015 йилда БМТ томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларида тенгсизликка қарши кураш 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш дастурининг бир қисми сифатида белгиланган. Унда «2030 йилга келиб, ёши, жинси, ногиронлиги, ирқи, миллати, келиб чиқиши, дини ёки иқтисодий мақомидан қатъи назар барчанинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жараёнларда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадли кўрсаткич этиб белгиланган. Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар қатори аъзо ҳисобланиб, 16 та мақсад, 125 та вазифа ва 206 та индикатор қабул қилиниб, миллий контекстга мослаштирилиб, бу бўйича янги бир тизим ташкил этилган.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этишини илгари сурадиган бир қатор минтақавий ва миллий ҳужжатлар мавжуд. Булардан асосийлари Европа Иттифоқининг Асосий ҳуқуқлар тўғрисидаги хартиясидир. Ушбу хартия инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Иттифоқи даражасига кўтарилган бўлиб, бу аъзо давлатлар учун муҳим минтақавий ҳужжат ҳисобланади. Миллий асослари эса, ҳар бир давлат томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардир. Сиёсий жараёнларда иштирок этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватловчи халқаро стандартлар, мажбурият ва илғор амалиётлар бор бўлишига қарамай, ногиронлиги бўлган жамиятда ўрнашиб қолган стереотип бор. Бу уларнинг сиёсатга қизиқмайди ёки сиёсий жараёнларда иштирок эта олмайди, деган тенденцияларни вужудга келтиради. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида имконияти чекланган шахсларни ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича ўзининг халқаро стандартларга асосланган миллий тажрибасига эга ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида Янги Ўзбекистонда инклюзив ривожлантириш, яъни аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини ҳар бир юртдошимиз қалбидан сезмоқда. Бу Ўзбекистонда «давлат – жамият – инсон» тамойилини янги «инсон – жамият – давлат» тамойилига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш, энг аввало, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш билан асосланди. Президентимиз Ш.Мирзиёев 2021 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган нутқида «Ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат», деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди» деб таъкидлаши натижасида Янгиланган конституцияда конституциявий норма сифатида мустаҳкамланди. Қолаверса, Конституциянинг 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар ҳимоя қилинади» деб белгиланди. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжати билан тартибга солинмоқда. Жумладан, Конституция, 40 дан зиёд қонун ва 160 дан ортиқ қонуности ҳужжати кўзда тутилган.
Айнан ногиронлиги бор шахсларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини тенг таъминлаш, улар учун барча шарт-шароитларни яратиш мақсади Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, 4-моддасида «Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир» деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, 2019 йил 3 декабрда Марказий Сайлов Комиссияси томонидан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинган эди. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва уларни рўёбга чиқариш учун имкониятлар тенглигини таъминлаш, тўсиқсиз фойдаланиш бўйича қоидалар киритилганлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият билан уйғунлашиши учун қулай шароитлар яратилиш йўлида хизмат қилди.
Шунингдек, мамлакатимизда имконияти чекланган шахсларни жамият сиёсий ҳаётидаги иштирокини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда 2023 йил 28 сентябрдаги «Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарори айнан ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлашга қаратилган.
Хулоса сифатида айтганда, бугун мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка изчил имплементация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо имконияти чекланган шахсларни сиёсий жараёнларга сайлаш ва сайланишга, референдумда иштирок этишга иштирокини янада кенгайтириш асосида «Тўсиқсиз муҳитни» таъминлаш мақсадида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Жумладан:
– давлат жамият ва давлатнинг сиёсий ҳаётида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда бевосита ёки ўз вакиллари орқали иштирок этишини, шу жумладан, қонунда белгиланган тартибда сайлаш ва сайланиш, референдумларда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашни алоҳида модда сифатида киритиш;
– сайлов жараёнларида сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун эшитиш, кўриш, ўриндиқли аравачалардан фойдаланувчи шахслар овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратишни белгилаш;
– ногиронлиги бўлган шахсларнинг мулоқот қилиши усуллари, ушбу усуллар орқали уларнинг таълим олиши, ахборотга эга бўлиши, ахборотни етказиши ҳамда бу орқали жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишини таъминловчи нормаларни киритиш;
– сайлов жараёнида, жумладан, сайлов ташвиқотида сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан имконияти чекланган шахслар учун мулоқот тилига мос Брайль алифбосида тайёрланган маълумотлар, қулай мультимедиа воситаларидан, худди шунингдек, босма материаллардан, аудиовоситалардан фойдаланишни киритиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, сайлов ташвиқотида сиёсий партиялар томонидан мажлис ва учрашувлар ўтказиладиган жой ва биноларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг кириши қулай бўлишини таъминлаш ва керакли ахборотларни етказиб бериш уларда фаол фуқаролик позициялари шаклланишига хизмат қилади.
Усмонжон Бўтаев,
Ўзбекистон Миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори.
ЎзА