Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахслар учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Уларни меҳнат бозорига интеграция қилиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида халқаро ҳамкорликлар ҳам кенгайиб бормоқда.
Маълумки, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш жараёни ижобий тусга кирган. Бу рақамларда ҳам ўз аксини топиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан имконияти чекланганлар учун ҳам ҳар бир давлат идораларида иш ўринлари яратилаётгани, улар ҳам жамиятда ўз ўрни ва қадр-қимматини топаётгани халқимиз эътирофига ҳам сабаб бўлмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази ҳамда халқаро экспертлар иштирокида “Аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва интеграциялашувига кўмаклашиш” (PROSPI) лойиҳаси доирасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлайдиган тизимини ривожлантириш, уларнинг меҳнат бозорига интеграциялашуви ва иш жойида барқарор фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ижтимоий ҳимоя тизими, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасида самарали ҳамкорлик механизмларини шакллантириш, шунингдек, ушбу жараёнда ижтимоий ходимларнинг ижтимоий ҳамроҳлик бўйича билим ва кўникмаларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шуни айтиш керакки, бундай ҳамкорликлар соҳада янги ташаббуслар ва тажрибалар ортишига сабаб бўлади. Бу эса янада кўпроқ имконият ва ногиронлиги бўлган инсонлар учун қувонч десак, адашмаймиз.
Шербек Исломов, ЎзА