Ногиронларга Президент совғалари топширилди
Андижон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган бир гуруҳ хотин-қизларга ногиронлик аравачалари топширилди.
Андижон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган бир гуруҳ хотин-қизларга ногиронлик аравачалари топширилди.
Ногиронлик аравачаларини топширишга бағишланган тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонларга ёрдам кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган опа-сингилларимизга ногиронлик аравачаси, реабилитация жиҳозлари – эшитиш, воситаси, ҳасса, қўлтиқ таёқ, юриш мосламалари бериб келинмоқда.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулойҳо Маҳмудова Андижон шаҳрида яшовчи 14 нафар жисмоний имконияти чекланган хотин-қизга Президент совғаси сифатида ногиронлик аравачаларини топширди.
– Кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди, – дейди Андижон шаҳридаги “Уйғуробод” маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Дилором Усмоналиева. – Уч нафар фарзандим бор, ҳаётда жуда кўп қийналдим. Ногиронлик аравачаси олишга ҳеч ололмаганмиз. Мен каби ҳаётда қийналган, жамиятдан ажраб қолган кўнгли ўксик инсонларга эътибор қаратаётган, кўмак бераётган Президентимизга, яхши инсонларга мингдан-минг раҳмат. Халқимиз бахтига юртбошимиз омон бўлсин.
Таъкидлаш керакки, ўтган йили биргина Андижон вилоятининг ўзида минг нафарга яқин фуқарога ногиронлик аравачалари тақдим этилди.